Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ва Япония адлия вазирликлари ўртасидаги ҳамкорлик фаоллашмоқда
2018-11-20 | Жамият
Жорий йилнинг 19 ноябрь куни Адлия вазирлигида Тадқиқот ва ўқитиш институтининг халқаро ҳамкорлик департаменти директори ўринбосари Х. Ито бошчилигидаги Япония Адлия вазирлиги делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди.
Томонлар мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш соҳасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини фаоллаштириш масалаларини муҳокама қилди.
Учрашув чоғида Адлия вазирлиги Қонунчилик бош бошқармаси бошлиғи Х. Мелиев мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, уларни ҳуқуқий таъминлаш ва бу борада вазирлик, хусусан Қонунчилик бош бошқармаси томонидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида меҳмонларга маълум қилишди.
Ўз навбатида Х. Ито ҳам Японияда суд-ҳуқуқ соҳасида, жумладан Япония Адлия тизимида бўлган ўзгаришлар ҳақида маълумот тақдим этди. Шу билан бирга, у қонун ижодкорлиги соҳасида мамлакатимизда амалга оширилган ислоҳотларга қизиқиш билдирилди.Шунингдек томонлар Ўзбекистон Республикаси ва Япония адлия вазирликлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги келишувни имзолаш масалаларини муҳокама қилишди ва 2019 йилнинг I чорагида шу бўйича учрашув иштирокчилари зарур чораларни кўришга келишишди.
Бундан ташқари 2019 йилнинг март ойида Японияда “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Қонуннинг долзарб жиҳатлари бўйича ўзбек-япон симпозиуми ўтказилиши билдирилди.
Учрашув иштирокчилари қисқа муддатлар ичида адлия вазирларининг ўзаро ташрифини ташкил қилиш ҳамда бошқа соҳаларга доир масалаларда ҳам ўзаро фикр алмашишди.
Очиқ ва конструктив мулоқот руҳида ўтган учрашув якунида томонлар муносабатларни янада ривожлантириш ва икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашга тайёр эканликларини билдиришди.
Маълумот учун: Япония делегацияси Ўзбекистонга жорий йилнинг 22-23 ноябрь кунлари Самарқандда бўлиб ўтадиган Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми ишида иштирок этиш учун ташриф буюрган.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги