Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тиббиётга инновациялар: ўзбек-хитой илмий-технологик парки ишга тушмоқда
2018-11-19 | Инновация
Яқин кунларда пойтахтимизнинг Юнусобод туманида Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорликда ўзбек-хитой илмий-технологик парки ишга туширилиши кутилмоқда. Анъанавий шарқ даволаш усуллари асосидаги Хитой тиббиёт марказига бугунга келиб 20 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилган бўлиб, 300 та иш ўрни ташкил этилиши назарда тутилган. Бу марказнинг ўзига хослиги шундан иборатки, унда ҳам шарқ табобатининг асрлар давомида синовдан ўтган даволаш услублари, ҳам ғарб тиббиётининг илғор натижаларидан фойдаланилади.
Бугунги кунга келиб дори препаратларининг 8 хил кўринишдаги (таблеткалар, капсулалар, суюқ кўринишдаги ва б.) турларини ишлаб чиқарадиган фармацевтика заводи қуриб битирилди. Завод юқори халқаро стандартларга тўлиқ жавоб беради ва GMP (Good Manufacturing Practic – дори воситалари, тиббиёт ускуналари, диагностика жиҳозлари, озиқ-овқат маҳсулотлари, биологик фаол қўшимчаларни ишлаб чиқариш меъёрлари, қоидалари ва кўрсатмаларини мужассам этган халқаро тизим бўлиб, маълум препарат яратилганида белгиланган талабларга мос равишда ҳамда мазкур препаратни рўйхатдан ўтказувчи органнинг талаблари асосида препарат ишлаб чиқарилишини таъминлайди) талабларига мослиги билан аҳамиятга молик. Мазкур тиббиёт масканининг қурилишига Хитой Халқ Республикаси Фанлар академияси президенти Бай Чуньли (Bai Chunli) ҳамда Ўзбекистон Фанлар академияси Биорганик кимё институти директори Шавкат Солиҳов тамал тошларини қўйишган бўлиб, ҳозирда 6000 кв. м майдонли 4 қаватли тиббий диагностика марказининг корпуси ва учта меҳмонхона биноларининг қурилиши якунланмоқда.
Бино қурилгани билан малакали кадрлар бўлмаса, юқори технологик тиббиёт ускуналарини ишлатишга қодир ходимлар бўлмаса, буларнинг ҳаммаси бекор, деган шубҳаларнинг пайдо бўлиши ҳам ўринли. Аммо бу масалада ҳам қатор ишлар қилинганлиги марказнинг муваффақиятли фаолиятига замин яратади. Гап шундаки, бир неча йиллар давомида Синцьзян техник физика ва кимё институти, Шанхай Тиббиёт материаллари институти билан ЎзР ФАнинг Биоорганик кимё ва Ўсимлик моддалари кимёси институтлари билан ёш олимларни ўқитиш бўйича самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган. Тиббий кимё, рекоминант оқсиллар ва пептидлар технологияси, препаратларни биокимёвий фаоллигини скрининг қилишга доир икки йиллик PhD дастурлар бўйича мутахассислар тайёрланди, жумладан, 8 нафар ёш олим ўз йўналишлари бўйича диссертациялар ҳимоя қилди. Бундан ташқари, Ўзбекистон ФА Институтларининг 20 нафар илмий ходимлари ҳар йили Хитой Фанлар академиясининг Синцьзян техник физика ва кимё институтида малакаларини ошириб қайтмоқдалар.
Завод қурилиши импорт ўрнини босувчи генерик дориларни ишлаб чиқариш ва уларнинг таннархини арзонлаштиришга хизмат қилади. Бу эса ҳудудимиздаги касалликларни олдини олиш ва уларни даволашга мўлжалланган янги оригинал дори воситалардан фойдаланиш имконини беради. Ўз навбатида, илмий муассасаларда яратилган янги дори воситаларни амалиётга татбиқ этишда тажриба-синов ва технологик регламентларни яратиш учун амалий ёрдам беради. Фармацефтик компанияларда ишлаётган маҳаллий техник кадрларнинг малакасини оширишга кўмаклашиш, замонавий ташҳислаш жараёнига хорижий клиникаларнинг етакчи мутахассислари иштирокида консалтинг хизматларини ташкиллаштириш ҳам марказ олдига қўйган вазифалардандир. Шунингдек, клиника жойлашган ҳудудда яшовчи, ижтимоий қийналган 100 та оилага хар йили 1 марта енгиллаштирилган тиббий хизмат кўрсатиш ҳам режалаштирилган.
Мазкур ўзбек-хитой илмий технологик парки кадрлар тайёрлаш ва замонавий илм-фан натижаларини амалиётга жалб этишнинг ўзига хос платформасини шакллантириш орқали фан, таълим ва ишлаб-чиқаришнинг ўзаро интеграциялаш натижасида ўзига хос намунавий инновацион кластерни яратишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги