Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
АҚШ Конгресси аъзолари билан учрашув
2018-11-19 | Сиёсат
2018 йилнинг 19 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов мамлакатимизда бўлиб турган “Ўзбекистон бўйича кокус” ҳамраислари Трент Келли ва Висенте Гонсализ бошчилигидаги АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси аъзолари гуруҳи билан учрашди.
Делегация таркибидан Вакиллар палатаси муҳим қўмиталарининг республикачи ва демократ аъзолари ўрин олган.
Вазир, аввало, конгрессменларни яқинда бўлиб ўтган оралиқ сайловларда қайта сайланганлари билан табриклади ва АҚШ Конгрессининг қуйи палатасида икки томонлама муносабатлар тарихида илк бор “Ўзбекистон бўйича кокус”нинг тузилганлигини эътироф этди.
Бўлиб ўтган суҳбатда Президент Шавкат Мирзиёевнинг май ойидаги АҚШга расмий ташрифи ва унинг Президент Доналд Трамп билан олиб борган сермаҳсул музокаралари натижасида кенг қамровлик ва жадаллик касб этаётган Ўзбекистон-Америка кун тартибининг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда ўзбекистонлик ва америкалик парламентарийлар ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш, Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги изчил ривожланаётган ҳамкорликнинг ижобий жараёнларни қонуний мустаҳкамлаш истиқболлари кўриб чиқилди.
Суҳбатда АҚШнинг Ўзбекистондаги Муваққат ишлар вакили Алан Мельцер иштирок этди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги