Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Элчиси Канада Генерал-губернаторига ишонч ёрлиқларини топширди
2018-11-19 | Сиёсат
Ўзбекистон Элчиси Жавлон Вахабов (қароргоҳи Вашингтон шаҳрида) Канада Генерал-губернатори Жюли Пайеттга ишонч ёрлиқларини топширди.
Генерал-губернаторнинг расмий қароргоҳидаги маросимдан сўнг бўлган учрашув чоғида Канада раҳбари Ўзбекистон “ўзининг буюк тарихи ва дунёнинг ўта муҳим қисмидаги стратегик жойлашуви билан” машҳур деб эътироф этди.
Бундан ташқари, аввал машҳур астронавт бўлган Генерал-губернатор “ўзбек фани ноёб илмий ишланмаларни таклиф этиш ва уларнинг асосида космик аппарат қурилмалари ва уларнинг компонентларини ишлаб чиқишни ташкиллаштириш орқали космосни ўрганиш дастурларига салмоқли ҳисса қўшганини” таъкидлади.
Жюли Пайетт қайд этганидек, астронавт бўлган пайтларида у Ўзбекистон ҳақида кўп ўқиган ва эшитган. У Самарқанднинг буюк ҳукмдори ва таниқли олим, осмон юлдузларининг энг тўлиқ ва аниқ бўлган каталогларидан бири – “Зижи жадиди Курагоний”нинг муаллифи, “Галилео Галилейнинг телескопни кашф қилишидан 150 йил олдин бутун бошли расадхона бунёд этиб, Борлиқ эшикларини ошиб берган” Мирзо Улуғбек фаолияти билан таниш.
Канада Генерал-губернатори мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларнинг жорий даражаси ҳам кўтарилиб бораётганини эътироф этди. Ўзбекистоннинг янада ривожланган дунё ҳамжамиятининг асосий аъзоларидан бири бўлиш борасидаги интилишларини Канада томони қўллаб-қувватлаши таъкидланди. “Мен Канада компанияси “Sky Power”нинг қайта тиланувчи энергетика соҳасига катта миқдордаги инвестиция таклифи билан Ўзбекистон бозорига кириб борганини эшитишдан бағоят хурсанд бўлдим”, – деди у. Унинг фикрича, мазкур лойиҳа “ўзаро манфаатли ва икки томонга ҳам фойдали” ҳисобланади.
Шу билан бирга у Ўзбекистон ва Канада ўртасида “ҳали бажариш керак бўлган ишлар” мавжудлигини таъкидлади. Жумладан, у давлатлар ўртасидаги савдо ҳажмини кўпайтириш ҳамда таълим соҳасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш зарурлигига тўхталиб ўтди.
Маросим якунида янги тайинланган Элчининг Қутболди минтақалари, Шарқий Европа ва Евросиё масалалари бўйича ТИВ Бюроси директори Эллисон ЛеКлер билан учрашуви бўлиб ўтди. Канадалик дипломат 2019 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон раҳбарининг Канадага ташрифи ташкил этиш бўйича комплекс сиёсий-дипломатик чора-тадбирларни амалга оширишга тайёрлигини билдирди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги