Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Давлат бюджети депутатлар томонидан қизғин муҳокама қилинмоқда

2018-11-16 | Иқтисодиёт

2018 йил 16 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлари гуруҳи, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари ҳамда Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмиталари ҳамкорлигида кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда депутатлар томонидан тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, экспертлар, мутахассислар ҳамда журналистлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг, давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2018 йил тўққиз ойлик ижроси юзасидан ҳисобот ҳамда 2019-2021 йилларга мўлжалланган бюджетнома лойиҳалари, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари муҳокама этилди.

Жорий йилнинг 9 ойлиги якунига кўра мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти қарийб 244,3 трлн. сўмни ташкил этиб, ЯИМ қиймати ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,2 % га ўсган. Даромадларнинг бир маромда туришини ҳамда бюджет маблағларидан самарали фойдаланишни таъминлаш орқали Давлат бюджети 57,2 млрд. сўм миқдорида профицит билан ижро этилди.

Шунингдек, йиғилишда Давлат бюджетида мамлакатимизда экология ва атроф-муҳитни муҳофазалаш йўналишида амалга оширилиши кўзда тутилган ишларга ажратилган маблағларнинг самарали ўзлаштирилиши масаласи ҳам муҳокама марказида бўлди.

Қайд этилганидек, 2018 йил 9 ойида табиатни муҳофаза қилиш тадбирлари учун Давлат бюджети ҳисобидан 254,7 млрд. сўм сарфланган. Шу билан бирга, аҳоли пунктларини ободонлаштириш харажатларига жами 1 032,7 млрд. сўм маблағлар ажратилган.

2018 йилда Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш дастурига биноан тасдиқланган манзилли рўйхатга асосан, Оролбўйи минтақасини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 370 та объектда қурилиш, реконструкция, капитал таъмираш ва ободонлаштириш ишлари кўзда тутилган. Ушбу мақсадлар йўлида Қорақалпоғистон Республикаси бўйича 224 та объект қуришлар учун 149,3 млрд. сўм, Хоразм вилояти бўйича эса 146 та объект барпо этишга 85,4 млрд. сўм, жами 234,7 млрд. сўм маблағ йўналтирилган. Бу белгиланган режа 100 фоиз бажарилганини англатади.

Йиғилишда Давлат бюджетини прогноз йил учун ва келгуси икки йилга бюджет мўлжалларини тасдиқлаш орқали ўрта муддатли бюджетни режалаштириш механизмини жорий қилиш таклиф этилди.

2019 йилги Давлат бюджети лойиҳасида табиатни муҳофаза қилиш ишларига 215,0 млрд. сўм ажратилиши кўзда тутилган. Шу жумладан, “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхоналари орқали 2017-2021 йилларга мўлжалланган қаттиқ маиший чиқиндиларни йиғиш, сақлаш, йўқ қилиш ва қайта ишлаш тизимини такомиллаштириш дастурини амалга ошириш учун 163,4 млрд. сўм йўналтирилиши кўзда тутилган. Қабул қилинган Давлат дастурларига мувофиқ, 352 та тиркамали трактор ва 110 та чиқинди ташувчи машина сотиб олиш, 239,8 км санитария тозалаш ташкилотларининг полигонларига киришни асфальтлаш ва 96 та қаттиқ маиший чиқиндилар полигонларини қуриш режалаштирилган. Бундан ташқари, Угам-Чотқол давлат миллий табиат боғини сақлаш харажатлари учун 28 млрд. сўм ажратилиши кўзда тутилган. Ветеринария хизматларини молиялаштириш ва эпизоотик хавфсизликни таъминлаш учун бюджет ҳаражатлари жорий йилга нисбатан 2 бараварга ошиб, 97,0 млрд. сўмни ташкил этади. Ҳайвонларни даволаш, юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олиш мақсадида ҳаражатларни икки баробарга ошириш режалаштирилган бўлиб, натижада вакцина сотиб олиш ҳаражатлари миқдори 103 млрд. сўмни ташкил этади.

Йиғилишда, шунингдек, саноатни ривожлантириш, қурилиш соҳасига ажратилган маблағларнинг сарфланиши ҳолатига ҳам эътибор қаратилди. Таъкидлаб ўтилганидек, қўшимча қиймат солиғидан асосий ўсиш суръатлари нефть ва газ, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳамда автомобиль саноатига тўғри келмоқда. Акциз солиғидан ўсиш суръати эса, табиий газ реализацияси ва автомобиль саноати тармоқларида энг юқори кўрсаткични ташкил қилмоқда.

Дастур якуни билан республика ҳудудларида яшовчи 400 мингдан ортиқ аҳолининг марказлашган ичимлик сув таъминоти яхшиланиши кутилмоқда.

Транспорт инфратузилмасини яхшилаш орқали иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 февралдаги “2017-2018 йилларда ҳудудий автомобиль йўлларини ривожлантириш Дастури тўғрисида” ги қарорининг ижросини таъминлаш борасида жорий йилнинг 1 октябрь ҳолатига, Автомобиль йўллари давлат қўмитаси тузилмасидаги пудрат корхоналари томонидан 140,9 млрд. сўмлик 1 192,6 км ички йўлларда жорий ва мукаммал таъмирлаш амалга оширилган бўлиб, бажарилган ишлар қиймати тўлиқ молиялаштириб берилган.

Шу ўринда қайд этиш жоизки, жорий йилнинг 9 ойи давомида мамлакатимизда жами 33 652,9 млрд. сўмлик қурилиш ишлари бажарилган бўлиб, ўсиш суръати ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 107,4 фоизни ташкил этди.

Тадбирда қайд этилганидек, кейинги икки йил давомида узоқ истиқболли марраларни забт этишга қаратилган, стратегик жиҳатдан чуқур ўйланган, дунёда ва турли минтақаларда юз бераётган ўта мураккаб воқеа-ҳодисаларнинг моҳиятидан келиб чиқилган ҳолда, валюта ва нарх сиёсатининг эркинлашуви, қишлоқ хўжалигида ҳисоб-китобларнинг тартибга солиниши ҳамда капитал қуйилмалар ошиши эришилиши бюджет даромадлари кўпайишига ижобий таъсир кўрсатди.

Депутатлар келгуси йил бюджетномаси лойиҳасида бюджет даромадлари изчил ошиши, солиқ тизимида жорий этиладиган тарихий ўзгаришлар натижасида аҳоли ва бизнесга катта енгилликлар яратилиши назарда тутилаётганига эътибор қаратдилар. Чунончи, тушумдан олинадиган мажбурий ажратмалар тўлиқ бекор қилиниши ҳисобидан корхоналарда яна 5,2 триллион сўм даромад қолдирилиши, жисмоний шахслар учун даромад солиғининг энг юқори ставкаси 12 фоизгача, ягона ижтимоий тўлови 15 фоизгача туширилиши, фуқароларнинг 8 фоизлик суғурта бадали бекор қилиниши натижасида аҳоли даромадлари 6,5 фоизга ошиши кутилмоқда.

Йиғилиш давомида депутатлар томонидан қатор таклифлар билдирилди. Хусусан, автомобил йўллари давлат қўмитаси томонидан битум маҳсулотларининг ўз вақтида, етарли хажмларда етказиб бериш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш ҳамда ички йўлларни жорий ва мукаммал таъмирлаш ишларига қаратилган маблағлар кўламини кенгайтириш, шунингдек, Давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг лойиҳаларини ишлаб чиқишда ошкора ва шаффоф механизмларни қўллашни тавсия этилди.

Йиғилиш якунида муҳокамалар давомида билдирилган фикр-мулоҳазалар ва таклифларни инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2018 йилнинг 9 ойлигидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботини тасдиқлаш ҳақида, шунингдек, келгуси 2019 йилга мўлжалланган макроиқтисодий кўрсаткичлар, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари лойиҳаларини Қонунчилик палатаси муҳокамаси кун тартибига киритиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати

Поделиться