Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Архив ҳужжатларини рақамлаштириш учун дунёдаги энг яхши ускуналардан фойдаланилади
2018-11-15 | Технологиялар
Давлат хизматлари агентлиги директори Ҳалилилло Тўрахўжаев бошчилигидаги делегацияси Германиянинг ҳужжатларни рақамлаштириш учун профессионал ускуналар ишлаб чиқарувчи машҳур компанияси MICROBOX GmbHда бўлиб, у ердаги фаолият билан яқиндан танишишди.
Хизмат сафарининг асосий мақсади давлат хизматлари соҳасини рақамлаштириш борасидаги икки мамлакатнинг ваколатли органлари ўртасидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш, замонавий сканерларни бошқариш учун ўқув машғулотлари, шунингдек, архив маълумотларини рақамлаштириш жараёнини тезлаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқишдир. Бундан ташқари, мамлакатимизга замонавий сканерлаш ускуналарини етказиб беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Давлат хизматлари агентлиги ташкил этилган куниданоқ ўзини инновацион жараёнларини ҳаракатлантирувчи куч сифатида намоён қилди. Шу боис, Давлат хизматлари марказлари тизимида янги — архивариус лавозимини жорий этиш ҳисобига ФҲДЁ органлари архив ҳужжатларини тақдим этиш жараёнида уларни кўлда излашдан воз кечиш режалаштирилган. Бундан ташқари, 2022 йил 1 январга қадар автоматлашган “ФҲДЁ ягона электрон архиви” тизимини шакллантириш режалаштирилган.
MICROBOX GmbH томонидан тақдим этилаётган профессионал ечимлар дунёдаги энг яхшилар қаторига киради. Мутахассисларнинг сўзларига кўра, мазкур ускуналар рақамли архивларни яратиш бўйича деярли ҳамма вазифаларни бажариши мумкин.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги