Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Азимжон Назаров: "Илмий-тадқиқот фаолияти самарадорлигини ошириш ва молиялаштириш тизимларини такомиллаштиришда фаол бўлайлик!"
2018-11-14 | Фан
“Барчамиз бир ҳақиқатни унутмаслигимиз керак: қонуннинг бирдан-бир манбаси ва муаллифи том маънода халқ бўлиши шарт.
Ҳар бир қонун лойиҳаси юзасидан фикр ва таклифларни қуйидан – фуқаролардан, жойлардаги халқ депутатлари Кенгашларидан олиш тартибини кенг жорий этиш зарур. Қонунларни қабул қилиш жараёнида уларни аҳоли ўртасида ҳар томонлама муҳокама қилиш тизимидан самарали фойдаланишимиз керак.”
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев
Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Азимжон Назаров Ўзбекистон Республикасининг 2019-2021 йилларда инновацион ривожлантириш стратегиясининг “Йўл харитаси“да келтирилган вазифаларни сифатли ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш мақсадида ўзининг Фейсбук ижтимоий тармоғидаги саҳифасида фуқароларнинг таклиф ва мулоҳазалари билан фаол иштирок этишини сўраб мурожаат қилди:
“Инновацион ривожланишни кўзлаган ҳар бир давлат эътибор қаратиши лозим бўлган энг муҳим жиҳатлардан бири - илмий-тадқиқот фаолиятини молиялаштиришдир.
Ҳозирги глобаллашув шиддат билан кечаётган даврда ва эртанги глобал чақирувларга рационал ечимларни топиш учун илмий-тадқиқот фаолиятлари самарадорлиги ва сифатини ошириш долзарб вазифалардандир.
Айрим дунё мамлакатларининг илмий-тадқиқот фаолияти учун молиялаштириш “манзара” сини қуйида кўришингиз мумкин.
Президентимиз томонидан 21 сентябрь 2018 йил тасдиқланган “2019-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармонда ҳам Республикамизнинг илмий-тадқиқот фаолиятига алоҳида эътибор қаратилган.
Фармонда белгиланган “Йўл харитаси”да айнан илмий-тадқиқот фаолиятларини молиялаштириш механизмларини ишлаб чиқиш қаторида, 2021 йилгача илмий-тадқиқот фаолиятлари учун давлат маблағларини ЯИМ нинг 0.21 % и дан 0.8 % гача ошириш вазифаси юклатилган. Бу мамлакатимизнинг илмий салоҳиятини оширишга қаратилган эътиборнинг намунаси ва мамлакатимиз ҳаётининг ҳар соҳасида равнақ топишида қўйилган улкан қадамлардан биридир.
Ишончим комилки, бу юклатилган вазифа барча ҳамюртларимиз, айниқса илм аҳли учун кўп йиллик кутилган орзу ва ҳақиқатдир.
Сизлардан илмий-тадқиқот фаолияти самарадорлигини ошириш ва молиялаштириш тизимларини такомиллаштиришда ўз таклиф ва мулоҳазаларингиз билан фаол иштирок этишингизни сўраб қоламан. Таклифларни real_sector@mininnovation.uz электрон манзилига юборишингиз мумкин”.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги