Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 29 июнь куни пойтахтимиздаги 32 мингдан зиёд ёшлар таҳсил олаётган “Ёшлик” талабалар шаҳарчасига ташрифи чоғида берган топшириқлари ва белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, талабаларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида “Students day!” ёшлар ҳафталиги бўлиб ўтмоқда.
Ҳафталик тадбирини “Талаба-ёшларнинг илмий ишланмалари ва инновацион ғояларини қўллаб-қувватлашда ижтимоий ҳамкорлик масалалари” мавзусидаги илмий-амалий конференция ва ёшларнинг стартап лойиҳалари тақдимоти бошлаб берди.
Конференцияда мутахассислар, устоз педагоглардан ташқари фаол, изланувчан талабалар ҳам ўз маърузаси билан иштирок этди. Иштирокчилар ихтирочи, креатив лойиҳа муаллифларининг ишлари билан танишди.
Ҳафталик тадбирлари доирасида ўқиш ва изланишда, ҳаётнинг турли жабҳаларида фаол ёшларнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси биносига ташрифи режалаштирилган. Бу ерда “Талаба-ёшларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари” мавзусида давра суҳбати ўтказилади. Шунингдек, “Ёшлик“ шаҳарчасида истиқомат қилувчи талабалари ўртасида футбол бўйича “Ёшлик кубоги” спорт мусобақаси, “Талабалар юридик клиникаси” ва “Талабалар психологик маркази” тақдимот маросими, ёшларнинг ҳаётда ўз ўрнини топиши учун “Work out to work” маҳорат дарслари ҳам ташкил этилади.
Инобат Аҳатова, Темур Мамадаминов (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА