Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Давлат бюджети ижроси қандай натижа берди?

2018-11-14 | Иқтисодиёт

2018 йил 13 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг кенгайтирилган йиғилишида Давлат бюджетининг жорий йилда кутилаётган ижроси ва 2019 йилга мўлжалланган макроиқтисодий кўрсатгичлар, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари лойиҳалари муҳокама этилди.

Йиғилишда таъкидланганидек, 2018 йилда давлатимиз раҳбарининг фармони билан Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси қабул қилинди. Унга кўра, солиққа тортиш тизими тубдан ислоҳ этилди. Шунингдек, солиқлар ва мажбурий тўловлар қисқартирилиши, шунингдек, самарасиз солиқ имтиёзлари бекор қилиниши назарда тутилмоқда.

Якунланаётган йил давомида илк маротаба давлат бюджетининг харажатлари ўтган 2017 йилга нисбатан қарийб 30 трлн. сўмга (1,6 баробарга) яқин ошди. Бюджет харажатларининг асосий қисми ижтимоий соҳага йўналтирилди. Фуқароларнинг даромадлари – иш ҳақи, пенсия ва нафақалари инфляция кўрсатгичларидан юқори даражада оширишга эришилди. Айниқса, тиббиёт ва маорифга ижтимоий харажатларнинг қарийб 60 фоизи сарфланди.

Бюджет соҳаси ходимлари иш ҳақи, пенсия ва нафақаларини инфляция кўрсаткичидан юқори ошириш билан бирга, тарбиячилар, ўқитувчилар, илмий ходимлар, профессор-ўқитувчилар, маданият ходимларининг ойлик маоши 30 фоиздан 100 фоизгача кўпайтирилди.

Парламент қуйи палатаси вакилларининг фикрича, жорий йилнинг ўтган чораги олдинги даврга нисбатан халқ хўжалиги корхоналарининг салкам ярми, учинчи чоракда 62 фоиз корхоналар иш ҳақини оширган. Тармоқлар кесимида эса, ишлаб чиқарувчи корхоналар катта миқдорда иш ҳақини оширганлар сирасига тўғри келади (74-100 фоизгача).

2018 йил давомида Президент фармони асосида қабул қилинган “Обод қишлоқ” Давлат дастури доирасида салкам 18 минг аҳолига эга қишлоқ жойларнинг меъморий қиёфасини тубдан янгилаш, муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси ҳамда ижтимоий соҳа объектлари, намунавий лойиҳалар асосида арзон уй-жойлар барпо этишга қарийб 0,5 трлн. сўмлик маблағ йўналтирилган.

Ундан ташқари, юртимизнинг кўҳна тарихини сақлаб келаётган 30 дан ортиқ йирик шаҳарнинг салоҳиятидан оқилона фойдаланиш, хусусан, у ерларда тадбиркорликни ривожлантириш, маҳаллий бюджетнинг даромад базасини кенгайтириш, замонавий инфратузилмани шакллантириш ҳамда пировард натижада аҳоли турмуш сифатини яхшилаш мақсадида Президентимиз фармони асосида иккитадан маҳаллада олиб борилаётган қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларига қарийб 0,3 трлн. сўмлик маблағ сарф этилган.

Яна бир муҳим ташаббус – “Ёшлар – келажагимиз” дастури доирасида мамлакатимиздаги ёшлар тадбиркорлигини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ёшларни бизнес билан шуғулланишга фаол жалб этиш учун шарт-шароитлар яратиш, иш ўринлари яратиш, навқирон авлоднинг бандлигини таъминлаш мақсадида ўтган давр мобайнида тижорат банклари орқали 7 фоизлик кредитлар ажратилди.

Ҳисобот таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумати томонидан Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган устувор вазифаларни изчил амалга ошириш, жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий соҳаларини тубдан ривожлантириш, масъул идоралар фаолиятини таркибий ўзгартириш бўйича олиб борилган ислоҳотлар иқтисодиётнинг барқарор, мувозанатлаштирилган ҳолда ривожланиши ҳамда иқтисодий ўсишнинг юқори суръатларини таъминлашга хизмат қилган.

Мамлакат иқтисодиётига давлат бюджетидан 5,3 трлн. сўмлик маблағ (1,4 маротаба) сарфлангани эвазига янги 691 корхона томонидан 11 трлн. сўмлик миллий маҳсулот, шундан 1,4 млрд. АҚШ долларига тенг бўлган импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқарилган.

Тадбирда қайд этилганидек, кейинги икки йил давомида узоқ истиқболли марраларни забт этишга қаратилган, стратегик жиҳатдан чуқур ўйланган, дунёда ва турли минтақаларда юз бераётган ўта мураккаб воқеа-ҳодисаларнинг моҳиятидан келиб чиқилган ҳолда, валюта ва нарх сиёсатининг эркинлашуви, қишлоқ хўжалигида ҳисоб-китобларнинг тартибга солиниши ҳамда капитал қуйилмалар ошиши эришилиши бюджет даромадлари кўпайишига ижобий таъсир кўрсатди.

Шу йил 30 октябрь куни мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан ушбу муҳим масала юзасидан ўтказилган йиғилишда халқ ва давлат манфаатлари йўлида тайёрланиб, парламентга киритилган келгуси йил бюджетномаси лойиҳаси кенг муҳокама этилиши, халқимизнинг аниқ таклифларини ўзида ифодалаши мақсадга мувофиқлиги таъкидланган эди.

Шундан келиб чиқиб, кенгайтирилган йиғилишда депутатлар бюджетномани ҳар томонлама батафсил муҳокама қилдилар. Жорий йилнинг ўтган даври ҳолатига бўлган ҳисоб-китобларга кўра, аниқланган давлат бюджети даромадлари ва харажатлари ўртасидаги тафовутни йил якунига қадар барча резервларни ишга солиб бартараф этиш лозимлиги таъкидланди. Энг муҳими, бюджети сиёсатини юритишда илк маротаба 2017 йилда қўлланилган молиялаштириш механизмлари натижасида барча маҳаллий бюджетлар ихтиёрида ўтган йилга нисбатан 6 баробар кўпроқ — 5,5 триллион сўм маблағ тўпланиши қайд этилди. Бундан ташқари, мамлакатнинг бош молиявий ҳужжатида ўтган қисқа давр мобайнида жойларда халқ билан бўлган очиқ мулоқотлар чоғида фуқаролар билдирган кўп йиллик истаклар, таклифлар ва талабларни акс эттиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Депутатлар келгуси йил бюджетномаси лойиҳасида бюджет даромадлари изчил ошиши, солиқ тизимида жорий этиладиган тарихий ўзгаришлар натижасида аҳоли ва бизнесга катта енгилликлар яратилиши назарда тутилаётганига эътибор қаратдилар. Чунончи, тушумдан олинадиган мажбурий ажратмалар тўлиқ бекор қилиниши ҳисобидан корхоналарда яна 5,2 триллион сўм даромад қолдирилиши, жисмоний шахслар учун даромад солиғининг энг юқори ставкаси 12 фоизгача, ягона ижтимоий тўлови 15 фоизгача туширилиши, фуқароларнинг 8 фоизлик суғурта бадали бекор қилиниши натижасида аҳоли даромадлари 6,5 фоизга ошиши кутилмоқда.

Юридик шахслар мол-мулк солиғи 5 фоиздан 2 фоизгача, фойда солиғи 14 дан 12 фоизгача, кичик бизнес субъектлари ягона солиғи 5 фоиздан 4 фоизгача камайтирилиши натижасида тадбиркорлар ихтиёрида 2 триллион сўм қўшимча маблағ қолади. Умуман олганда, мавжуд 19 та солиқ ва мажбурий тўловлар тури 15 тагача камайтирилади.

Қайд этиш жоизки, жорий йилнинг октябрь ойида мазкур бюджетнома лойиҳаси парламент қуйи палатасида фаолият юритаётган барча сиёсий партиялар фракциялари ҳамда Экоҳаракат депутатлар гуруҳи томонидан дастлабки тарзда ўрганиб чиқилиб, қатор таклифлар билдирилган эди. Жумладан, депутатлар лойиҳада маданият муассасаларини сақлаш харажатларида маданий мерос объектларини реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ёки қайта қуриш ишларига, мамлакатимизда туризмни ривожлантириш учун моддий-маданий мерос объектларини таъмирлашга йўналтириладиган маблағлар кўламини кенгайтириш, шунингдек, Давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг лойиҳаларини ишлаб чиқишда ошкора ва шаффоф механизмларни қўллашни тавсия этган эди.

Йиғилиш сўнгида муҳокамалар давомида билдирилган фикр-мулоҳазалар ва таклифларни инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2018 йилнинг 9 ойлигидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботини тасдиқлаш ҳақида, шунингдек, келгуси 2019 йилга мўлжалланган макроиқтисодий кўрсаткичлар, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари лойиҳаларини Қонунчилик палатаси муҳокамаси кун тартибига киритиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси

Поделиться