Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Хориждаги ватандошлар билан туризмни ривожлантириш масалалари муҳокама этилди
2018-11-14 | Туризм
Жорий йилнинг 10 ноябрь куни Германиянинг Берлин шаҳрида Ўзбекистон Республикасининг Германиядаги элчихонаси, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон Ёшлари умумжаҳон ассоциацияси, "Ниҳол" ўзбек-немис илмий-маданий жамияти ҳамда бошқа вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда "Хорижий инновацион ғоялар ва технологиялар ҳамда уларни Ўзбекистонда татбиқ қилиш истиқболлари" мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилди.
Мазкур тадбирда Германия ва бошқа Европа мамлакатларида таълим олаётган Ўзбекистонлик талабалар, илмий тадқиқотчилар, немис компания ва ташкилотларида фаолият юритаётган ўзбек мутахассислари, тадбиркорлар, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, вазирлик ва идоралар, шунингдек ОАВ вакиллари иштирок этди.
Тадбирда Европа мамлакатларида фаолият олиб бораётган ўзбек ватандошлар томонидан турли йўналишларда ишлаб чиқилган инновацион ғоялар, ишланмалар ва янги технологиялар намойиш этилди хамда ушбу лойиҳаларни Ўзбекистонда амалга ошириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Мазкур тадбир давомида туризм соҳасини ривожлантиришга қаратилган бир қатор лойиҳалар, жумладан, Чехия табиий фанлар университети магистранти Б. Ҳожимуродовнинг Ўзбекистонда шаҳарлараро автобус транспорти тизимини ривожлантириш, ички ва хорижий туристларга қулай шароит яратиш”, Германиянинг Вайфейр компаниясининг нарх таҳлили бўйича мутахассиси З. Раҳимовнинг "Туризм объектлари ва қадамжоларда аудио гидларни жорий этиш механизмлари" ҳамда Германиянинг Плантим Шварц компанияси муҳандиси Ш. Турдалиевнинг "Темир йўл транспорти тизимида давлат-хусусий сектор шериклигини йўлга қўйиш" кабилар намойиш этилди ҳамда соҳа мутахассислари иштирокида муҳокама қилинди.
Шунингдек, тадбирда иштирок этган ватандошлар хамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вакиллари ўртасида учрашувлар бўлиб ўтди. Учрашувлар давомида мамлакатимизда туризм соҳасини янада ривожлантиришда самарали механизмларни жорий этиш бўйича халқаро тажриба, Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини ватандошлар томонидан тарғиб қилиш йўллари, хорижий малакали мутахассисларни туризм соҳасида кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш учун жалб этиш, мамлакатимиз туризм инфратузилмасини яхшилаш учун инвестициялар киритиш каби масалалар муҳокама этилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини намойиш қилувчи тарғибот материаллари тақдим этилиб, ватандошлар томонидан Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини доимий тарғиб қилиб боришга келишиб олинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги