Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Халқимиз тиббий хизматдан рози бўлмас экан, тиним билмаймиз

2018-11-13 | Жамият

2018 йил 13 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, мавжуд тизимли муаммоларни бартараф этишга қаратилган масалани кўриб чиқдилар.

Маълумки, шу йил 9 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида танқидий-таҳлилий руҳда ўтган соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, ҳудудлар аҳолисини сифатли тиббий хизмат билан қамраб олиш, тиббиёт муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасидаги ислоҳотлар натижаларини таҳлил қилиш ва истиқболдаги устувор вазифаларни белгилашга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилган эди.

Дарҳақиқат, келтириб ўтилганидек, кейинги икки йилда Президентнинг соҳага оид 50 та фармон, қарор ва фармойиши, Вазирлар Маҳкамасининг 70 дан зиёд қарор ва фармойишлари қабул қилинди. 6 та янги илмий-амалий тиббиёт маркази ташкил этилиб, улар сони 16 тага етди. Аҳолига янада қулайлик яратиш мақсадида ҳудудларда уларнинг 10 та филиали иш бошлади. Туман ва шаҳар шифохоналарида 300 дан зиёд янги ихтисослашган бўлим, 1 минг 200 та тез тиббий ёрдам шохобчаси очилди.

Умуман олганда, жорий йилда тиббиёт соҳасига давлат бюджетидан 2017 йилга нисбатан 40 фоиз кўп маблағ ажратилди. Йиғилишда келаси йил соҳага қарийб 30 фоиз кўп маблағ йўналтириш режалаштирилгани қайд этилди.

Давлатимиз раҳбарининг яқинда қабул қилинган “Давлат тиббиёт муассасалари ва соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ходимларини моддий рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳадаги яна бир ижобий янгилик бўлди. Унга мувофиқ, тиббиёт ходимларининг ойлик маоши 1 декабрдан 20 фоизга, 2019 йил 1 апрелдан яна 15 фоизга оширилади.

Шунча фармон ва қарорлар чиқарилди, соҳага шунча имкониятлар яратилди, долзарб масалалар ҳал қилиб берилди. Лекин соғлиқни сақлаш тизимида кутилган натижалар кўринмаётгани, айниқса, туманлар, чекка қишлоқлардаги аҳоли тиббий хизматдаги жиддий ва туб ўзгаришларни ўз ҳаётида сезмаётгани барчани жиддий ўйлантирмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида Президентнинг Виртуал қабулхонасига тиббиёт соҳасига доир 45 мингдан зиёд мурожаат келиб тушгани ҳам бу соҳада ҳали муаммолар етарлича эканидан далолат беради.

Хусусан, видеоселектор йиғилишида бирламчи тиббий-санитария ёрдами тизими, туман марказий шифохоналарининг моддий-техник базаси ва малакали кадрлар билан таъминланиш даражаси талабга жавоб бермаслиги, оқибатида ҳудудлардаги беморлар катта маблағ сарфлаб, Тошкент шаҳрига келишга ёки чет давлатларга боришга мажбур бўлаётгани очиқ-ойдин айтилди. Шу боис йиғилишда тиббиёт тизимидаги муаммоларни вақтида аниқлаш ва ҳал этиш, бунинг учун ҳудудлардаги ҳолатни тўлиқ қайта ўрганиб чиқиш, бунда қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникалардан марказий тиббиёт муассасаларигача қамраб олиш кераклиги таъкидланди.

Маълумки, соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, соҳадаги муаммоларни бартараф этиш масалалари учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси масъул этиб белгиланган эди.

Шундан келиб чиқиб, парламент қуйи палатасида масалага комплекс ёндашиш, муаммоларни тизимли равишда ўрганиб бориб, ҳал этиш мақсадида Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси ташкил этилди. Ўтган вақт мобайнида қўмита томонидан бир қатор ижобий ишлар қилинди. Бироқ бугунги шиддатли ислоҳотлар даврида муаммонинг кўламидан келиб чиқиб фаолият юритиш талаб этилади.

Сабаби, ҳудудларни ривожлантиришнинг энг муҳим вазифаларини ҳал этиш, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш юзасидан жойларда ўтказилган ўрганишлар якунлари аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш самарадорлигининг пастлиги, соғлиқни сақлаш муассасаларининг моддий-техника базасини яхшилаш, уларни зарур дори воситалари билан доимий равишда таъминлаш лозимлигини, ушбу муассасаларнинг бугунги кун талабларига мувофиқ фаолият юритиши учун мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмасдан келинаётганини кўрсатмоқда. Албатта, бундай ҳолат соғлиқни сақлаш муассасаларининг фаолиятини янада такомиллаштиришни, мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланилишини йўлга қўйишни, аҳолига тиббий хизмат кўрсатишнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий қилишни тақозо этади.

– Бугун муҳокама этилган масаланинг долзарблиги шундаки, у инсон саломатлиги билан боғлиқ, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Гулшана Худоярова. — Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, парламент қуйи палатасидаги Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси фаолиятини янада кучайтириш учун унинг таркибига ўзгартиришлар киритиш керак, деб ўйлайман. Мақсад — давлатимиз раҳбари томонидан 9 ноябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида қўйилган вазифалар, хусусан, жойларда ушбу соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар изчиллиги ва натижадорлигини таъминлашдан иборатдир. Бунда ҳудудларда аҳолининг кўрсатилаётган тиббий хизматдан розилигини таъминлаш, бунинг учун кадрлар етишмовчилиги, муассасаларнинг моддий-техника базаси ҳамда хусусий тиббиётни ривожлантириш масалалари қўмита аъзолари, шу билан бирга, бошқа қўмита вакилларининг ҳам диққат марказида бўлади. Президентимиз айтганидек, токи халқимиз тиббий хизматдан, соғлиқни сақлаш тизимидан рози бўлмас экан, бу борада бир дақиқа ҳам тиним билмаслигимиз лозим.

Айни жиҳатни ҳисобга олган ҳолда, мажлисда депутатлар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси фаолиятини янада кучайтириш лозимлигини қайд этдилар.

Қўмита аъзолари таркиби тажрибали, фаол, қатъиятли депутатлар билан кучайтирилди.

– Маълумки, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида жорий йил бошида Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси тузилган эди, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мухаррам Дадаходжаева. — Давлатимиз раҳбари раислигида тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар таҳлилига бағишлаб ўтказилган йиғилишдаги мулоҳазалар парламентнинг, айнан қонунчилик палатасининг соҳага эътиборини кучайтириш, қўмита фаолиятини янада жонлантириш, унинг иш самарадорлигига янгича руҳ бағишлаш лозимлигини тақозо этмоқда. Шу маънода, мажлисда депутатлар томонидан қўмита фаолиятини тубдан такомиллаштириш мақсадида таркибини ўзгартириш таклифи билдирилгани ҳамда у бир овоздан қўллаб-қувватлангани айни муддао бўлди.

Шунингдек, мажлисда соғлиқни сақлаш масалалари билан шуғулланувчи, депутатлар, соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасадди раҳбарлари ҳамда тегишли давлат органлари ва муассасаларининг масъул ходимларидан иборат махсус комиссия тузиш таклиф этилди ва ушбу ғоя депутатлар томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди.

Шунга кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузурида Аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни ва дори воситалари таъминотини янада яхшилаш, ушбу соҳадаги қонунчиликни амалиётга самарали татбиқ қилиш борасидаги ишларни мувофиқлаштириш бўйича комиссия тузилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери раҳбарлигидаги комиссия таркибига депутатлар, манфаатдор вазирлик ва идоралар вакиллари киритилди.

Йиғилишда комиссиянинг устувор вазифалари белгилаб олинди.

Мажлисда, шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ваколатига тааллуқли бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси

Поделиться