Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Маҳаллий ва халқаро экспертлар Ўзбекистонда маъмурий тартиб-таомилларнинг ривожланиш истиқболларини муҳокама қилишди
2018-11-13 | Жамият
Адлия вазирлиги Халқаро хамкорлик бўйича Германия жамияти (GIZ) билан ҳамкорликда жорий йилнинг 12 ноябрь куни маҳаллий ва халқаро экспертлар иштирокида “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Қонунига бағишланган давра суҳбатини ўтказди.
Хорижий эксперт сифатида Берлин-Бранденбург Олий маъмурий судининг истеъфодаги президенти Юрген Кипп қатнашди.
Мазкур давра суҳбати қонуннинг амалдаги ижросини таъминлашга масъул бўлган манфаатдор вазирлик ва идораларнинг юридик хизмати ходимлари учун ташкил этилди.
Таъкидлаш жоизки, ушбу Қонун маъмурий органларнинг манфаатдор шахсларга нисбатан маъмурий-ҳуқуқий фаолиятига, шу жумладан лицензия, рухсат бериш, рўйхатдан ўтказиш тартиб-таомилларига, давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ бошқа тартиб-таомилларга, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа маъмурий-ҳуқуқий фаолиятга нисбатан татбиқ этилади.
Соҳа мутахассисларининг билдиришича, Қонун норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш ва қабул қилиш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш, давлат хизматини ўташ, референдумлар, сайловлар ўтказиш, мудофаа, жамоат хавфсизлиги ва ҳуқуқ-тартибот соҳасида, шунингдек тезкор-қидирув фаолияти, суриштирув, дастлабки тергов, жиноий мажбурлов чораларини қўллаш билан боғлиқ бўлган бошқа фаолият, суд ишини юритиш, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритиш соҳасида юзага келадиган муносабатларга нисбатан татбиқ этилмайди.
Қонунга мувофиқ, маъмурий тартиб-таомил бу маъмурий органларнинг маъмурий-ҳуқуқий фаолиятини тартибга солувчи процессуал қоидалар ҳисобланади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги