Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Малайзия компанияси Ўзбекистонда бадиий филм ва телесериал тасвирга олишни мўлжалламоқда
2018-11-13 | Туризм
“Aquila Emas Sdn Bhd” Малайзия медиа компанияси вакиллари ўзларининг Ўзбекистонга амалга оширган 10 кунлик ташрифи якунларига кўра ўзбекистонлик шериклари билан Ҳамкорлик тўғрисида меморандумни имзоладилар.
Кинематографчилар делегациясининг мамлакатимизга ташрифини ташкиллаштирган Ўзбекистоннинг Малайзиядаги Элчихонаси берган маълумотга кўра филмларни тасвирга олиш ишлари 2019-йилнинг бошига белгиланган.
Бўлиб ўтган ташриф чоғида Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Миллий телерадиокомпания, “Ўзбекфилм” АЖ, бошқа тузилмалар, шунингдек Хоразм ва Бухоро вилояти ҳокимиятлари, жумладан мазкур вилоятларнинг етакчи маҳаллий телеканаллари раҳбариятлари билан учрашувлар ўтказилди.
Музокаралар давомида биргаликда бадиий филм тасвирга олиш тўғрисида келишувга эришилди. Суратга олиш ишлари Хоразм ва Бухоро вилоятларининг мафтункор чўл ва тоғ манзаралари, қадимий шаҳарлари ва такрорланмас меъморчилик обидаларида олиб борилади. Шунингдек, Ўзбекистоннинг маданий-тарихий мероси тўғрисида 6 серияли туристик телевизион дастурни яратиш ҳам режалаштирилган.
Бадиий филм ва туристик телесериал Малайзиянинг етакчи телеканалларидан бири TV2 да прайм-тайм вақтида эфирга узатилади. 10 млн. кишидан ортиқ аудиторияга эга ушбу канални нафақат Малайзия, балки Цингапур ва Бруней ҳудудида ҳам томоша қиладилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги