Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Смарт технологиялар ёшларни музейларга жалб қилади
2018-11-13 | Инновация
Инновацион ғоялар ҳафталиги “InnoWeek-2018” да энг яхши инновацион лойиҳа номинациясида ғолиб бўлган “SMART CHAIN” компанияси Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш ва музейлар фаолиятини янада яхшилаш борасида инновацион ёндашувларни таклиф этди.
Мазкур компания лойиҳалари Инновацион ривожланиш вазирлиги ходимлари томонидан ўрганиб чиқилар экан, уларни ҳаётга татбиқ этиш юзасидан Маданият вазирлиги ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига инновацион лойиҳаларни кўриб чиқиб, ўзаро ҳамкорлик ўрнатиш юзасидан мурожаат этилди.
Жорий йилнинг 8 ноябрь куни Инновация вазирлиги томонидан Маданият вазирлиги ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамкорлигида “SMART CHAIN” компаниясининг инновацион лойиҳаларини намойиш этиш юзасидан учрашув бўлиб этилди. Унинг натижаси ўлароқ тўрт томонлама Меморандум тузишга келишилди.
Мазкур тадбирда Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари А.Назаров, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири ўринбосари К.Акилова, шунингдек Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг масъул ходимлари иштирок этишди.
“SMART CHAIN” компаниясининг директори Бобур Рахимов “Nazzar” мобил иловасининг имкониятлари ва унинг туризм соҳаси, шунингдек, музейларда қўлланилиши бўйича тўлиқ маълумот бериб ўтди. Nazzar – инновацион илова бўлиб, исталган материални тўлдирилган реаллик элементлари билан бойитиши мумкин. Смартфонингизни NazzAR белгисига йўналтираркансиз, мобил қурилма экранида реал объектнинг тасвири чиқиб, у турли эффектлар билан тўлдирилган бўлади. Б.Рахимов тақдим этган инновацион “карточка”лар орқали мамлакатимизнинг туристик салоҳиятини кенг тарғиб қилиш, ҳамда музейларни ёшлар ўртасида янада оммалаштириш мумкин. Ушбу карточкаларга смартфонингизни яқинлаштирсангиз тарихий объектлар гўёки олдингизда “гавдаланиб”, лавҳа фонида аудиоматн ўқилиши ёки у 3D реалликда намоён бўлиши мумкин.
Учрашув чоғида бошқа инновацион ишланмалар ҳам намойиш этилиб, уларни келажакда жорий қилиш масалалари ўрганилди.
Вазирлик томонидан тўрт томонлама меморандум лойиҳаси ишлаб чиқилди ва ҳамкор ташкилотларга юборилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги