Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Адлия вазирлиги: Ҳуқуқингни бил ва талаб қил!
2018-11-12 | Жамият
Вазирлик томонидан жорий йилнинг 10 ноябридан старт берилган навбатдаги акция айнан шундай номланади. “Ҳуқуқингни бил ва талаб қил!”
Жорий йилнинг 10 декабрига қадар #huquqingnibilvatalabqil ҳештеги остида вазирлик катта масштабли акция ўтказишни режалаштирган. Бу акция доирасида аҳолига ўз ҳуқуқ ва манфаатларини қонуний йўл билан талаб қилиш тарғиб этилади. Манзилли ва ақлли тарғибот принциплари асосида амалга оширилиши режалаштирилган ушбу бир ойлик акция давомида хусусан қуйидаги ишлар амалга оширилади:
Барча туман (шаҳар)да #huquqingnibilvatalabqil ҳештеги остида оммабоп флешмоб ўтказилади. Унда нотариус ва адвокатларнинг ҳуқуқий маслаҳатлари берилади, сайёр давлат хизматлари кўрсатилади.
“Ҳуқуқ ҳимоячилари” – кўнгиллилардан ташкил топган ишчи гуруҳлари томонидан бепул ҳуқуқий хизмат тадбирлари ташкил қилинади. Адлия органлари раҳбарлари томонидан сайёр қабуллар ташкил қилинади.
Меҳнат жамоаларида мажбурий меҳнат масалалари, меҳнат кодекси нормаларини тушунтириш, коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга бағишланган тушунтириш ишлари олиб борилади. Бу борадаги муаммолар жойларда ўрганилади ва ҳуқуқий маслаҳатлар берилади.
Тиббиёт бирлашмаларида бепул ҳуқуқий маслаҳат курслари ташкил қилинади, таълим муассасаларида бола ҳуқуқлари мавзусида давра суҳбатлари
ва семинарлар ташкил этилади.
Бундан ташқари, оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар орқали, шунингдек, кўчаларда, аҳоли гавжум жойларда, турли корхона ва муассасаларда фуқароларга ҳуқуқий маслаҳатлар ва ҳуқуқий ёрдамлар берилади.
Истеъмолчи ҳуқуқлари, коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотлар мажбуриятлари, туғуруқхоналарда коррупция ҳолатларининг олдини олиш, мол-мулк дахлсизлиги кафолатлари, шахсий дахлсизлик ҳуқуқи мавзуларида ижтимоий роликлар тайёрланади ва телеканаллар орқали намойиш этиб борилади.
“huquqiyaxborot” Telegram мессенжерида, шунингдек, Facebook ижтимоий тармоғидаги вазирлик саҳифасида ҳамда Instagramда қонун ҳужжатларида фуқароларнинг ҳуқуқлари ва давлат органларининг мажбуриятларига доир қисқа материаллар, ҳуқуқни билишни тарғиб қилувчи турли инфографикалар, видеороликлар ва бошқалар бериб борилади.
Вазирлик раҳбарияти ҳамда вилоят адлия бошқармалари раҳбарлари томонидан инсон ҳуқуқларини бузилиши ҳолатлари бўйича онлайн-акциялар ўтказилади.
Ушбу тадбирлардан мақсад аҳолига ўз ҳуқуқларини талаб қилиш орқали қонунларнинг ишлашига ҳисса қўшишлари мумкинлигини тушунтириш, бу эса ҳуқуқий жамият қуриш ва қонун устуворлигини таъминлашда муҳим қадам бўлишини таъкидлашдан иборат.
Биз билан бирга бўлинг!
Манба: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги