Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Олий ва ўрта махсус таълим вазири Хитой Халқ Республикасининг Фавқулодда ва Мухтор элчиси билан учрашди
2018-11-12 | Таълим
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири И.Маджидов 2018 йил 9 ноябрь куни Хитой Халқ Республикасининг Фавқулодда ва Мухтор элчиси Цзянь Янь хонимни қабул қилди.
Учрашувда Термиз шаҳридаги Афғон фуқароларини ўқитиш Марказини жиҳозлаш, Самарқанд шаҳрида Буюк Ипак йўли халқаро туризм университети очилиши, шунингдек республика ҳудудларида Хитой Халқ Республикаси билан ҳамкорликда олий таълим муассасалари филиаллари, ўқув марказлари ва тил ўқитиш курсларини ташкил этиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Олий ва ўрта махсус таълим вазири И.Маджидов қайд этдики, икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларининг кенгайиб бораётганлиги таълим соҳасида, жумладан бугунги учрашув кун тартибидаги масалаларда ҳам ўз аксини топмоқда. Ўзбекистон ёшлари Хитойда маълум мутахассислик бўйича билимларини чуқурлаштиришдан ташқари, хитой тилини ҳам ўрганиб келмоқда. Бунда Хитой томоннинг ҳамкорлик муносабатларини ривожлантиришга бўлган интилиши ва ёшларимизнинг билим олишга, ушбу мамлакатни, халқнинг тилини ва маданиятини ўрганишга бўлган қизиқиши асосий роль ўйнамоқда. Вазирлик олий таълим соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, педагоглар ва талабалар алмашинувини янада кенгайтириш тарафдори.
Хитой Халқ Республикасининг Фавқулодда ва Мухтор элчиси Цзянь Янь ўз чиқишида Хитой томони Ўзбекистондаги тинчлик, яратувчанликка бўлган интилишни кўриб турганлиги ҳамда айнан таълим соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш тарафдори эканлигини таъкидлади. Термиз шаҳридаги Афғон фуқароларини ўқитиш Марказини жиҳозлаш, Самарқанд шаҳрида Буюк Ипак йўли халқаро туризм университетини, республика вилоятларида Хитой олий таълим муассасалари филиаллари, ўқув марказлари ва тил ўқитиш курсларини ташкил этиш, уларни мутахассислар билан таъминлаш борасида ҳамкорликка тайёр эканлигини қайд этди.
Томонлар ҳамкорликда ташкил этилаётган Буюк Ипак йўли халқаро туризм университетини Шанхай ҳамкорлик ташкилоти даражасидаги олий таълим муассасаси бўлиши зарурлиги, у ерда туризм соҳаси мутахассисларидан ташқари сиёсатчилар, дипломатлар, менежерлар тайёрланиши, таълим бир неча тилларда олиб борилиш тарафдори эканликларини таъкидлаб ўтишди.
Манба: ЎзА