Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Баёнот
2018-11-09 | Жамият
2018 йил 8 ноябрь қатор ОАВда хусусий киракашлик, кунлик тўланадиган ишлар ва хусусий ёлланадиган таъмирлаш-қурилиш ишлари сингари фаолият турларига патент жорий этиш режалаштирилаётгани ҳақидаги маълумот эълон қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги шуни маълум қиладики, мазкур хабарлар ҳақиқатга мувофиқ эмас ва контекстдан юлиб олинган ҳисобланади.
Айни пайтда ушбу масала муҳокама этилмоқда ва Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги доирасида ўрганиб чиқилмоқда.
Қишлоқ жойларидаги норасмий бандлик одатга кўра дунёнинг кўплаб мамлакатларида энг кенг тарқалган муаммолардан бири саналади. Жорий йилнинг 30 апрелида Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан эълон қилинган ҳисоботга мувофиқ, айрим давлатларда қишлоқ жойларидаги норасмий бандлик 90 фоизгача бориб етади.
Ўзбекистонда меҳнат бозорини ўрганиш бўйича 2018 йилнинг август-сентябрь ойларида ўтказилган ишлар шуни кўрсатдики, Ўзбекистонда норасмий бандлик секторининг улуши 56 фоизни ташкил этади. Қишлоқ жойларидаги норасмий ёки “соядаги” бандликнинг асосий соҳалари хусусий киракашлик, кунлик тўланадиган ишлар ва хусусий ёлланадиган таъмирлаш-қурилиш ишлари ҳисобланади.
Бироқ хусусий киракашлик, кунлик тўланадиган ишлар ва хусусий ёлланадиган таъмирлаш-қурилиш ишларининг айрим жойларда тўлиқ бандлик альтернативи саналишини ҳисобга олган ҳолда, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги легаллашув чора-тадбирларидан бири сифатида йилига энг кам ойлик иш ҳақининг 4,5 баробари миқдорида Ўзбекистон Республикаси Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига тўлов қилинадиган патентни жорий этишни кўриб чиқмоқда.
Бу турдаги патентни олиш фақатгина ихтиёрий тарзда амалга оширилган бўлар эди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги