Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон офтальмологияси янги босқичга чиқади
2018-11-09 | Соғлиқни сақлаш
Пойтахтимиздаги DCM инновацион клиникасида Инновацион ривожланиш ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари томонидан Н.И.Пирогов номидаги Россия миллий тадқиқот тиббиёт университети илмий-тадқиқот офтальмология маркази билан ҳамкорликда илмий-ўқув семинари ташкил этилди.
Семинар ишида мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан етакчи офтальмологлар, тиббиёт муассасалари ўқитувчи ва магистрлари иштирок этди.
Ўқув-семинари кўз туби патологиясини ташхислаш ва даволашнинг замонавий усулларига бағишланди. Кўз пардаси касалликлари даволаб бўлмайдиган кўрликнинг асосий сабаби ва Ўзбекистон офтальмологиясининг долзарб муаммоларидан биридир.
Анжуманда инновацион клиника директори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими Зулфия Мақсудова мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимига кўз туби патологиясини ташхислашнинг замонавий, юқори информатив усуллари ва кўз пардасини лазер билан даволашнинг энг янги ноинвазив технологияларини жорий этиш лозимлигини таъкидлади.
Семинарда Россия Фанлар академияси академиги Христо Тахчиди витреоретинал патология ривожланиши ҳақида маъруза қилди.
Мунозара чоғида қатнашчилар кўз пардаси патологияларини эрта аниқлаш ва ўз вақтида даволаш ҳамда мамлакатимизда соҳага замонавий технологияларни жорий қилиш муҳимлиги хусусида сўз юритди.
Айни пайтда инновацион клиника ходимлари томонидан офтальмологик амалиётга ангиография модули билан оптик когерент томографиянинг энг сўнгги методикасини жорий қилиш бўйича илмий-клиник ишлар олиб борилмоқда. Ташхис қўйиш, патологик жараённинг ривожланиш динамикасини мониторинг қилиш, патогенетик йўналтирилган даволаш усулини танлаш ва муолажа самарадорлигини назорат қилишда янги технологиянинг имкониятлари ўрганилмоқда.
Семинар якунида Н.И.Пирогов номидаги РМТТУ илмий-тадқиқот офтальмология маркази билан Доктор Мақсудова инновацион клиникаси ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ушбу меморандум доирасида Н.И.Пирогов номидаги РМТТУ илмий-тадқиқот офтальмология маркази мутахассислар малакасини оширишнинг замонавий шакл ва усулларини жорий қилишга кўмаклашади, офтальмолог-шифокорлар учун конференциялар, семинарлар, тренинг ва маҳорат дарслари ўтказади.
Мазкур келишув офтальмология соҳасида тиббий хизматларни яхшилаш, маҳаллий офтальмологлар малакасини ошириш, кўз касалликларини даволаш усуллари ва инновацион технологияларини жорий этиш имконини беради.
Манба: ЎзА