Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
"ScienceThon by C.A.T": стартап акселератор иштирокчилари учун илк семинар-тренинг ўтказилди
2018-11-08 | Инновация
Стартаплар ижтимоий-иқтисодий муҳитнинг жадал ривожланишида муҳим аҳамият касб этади. Стартап бу ёш, инновацион компания бўлиб, унинг асосида янги ғоя ёки технология ётади. Бундай компанияларнинг муваффақиятли ривожланиши учун уларни моддий, инфратузилмавий ва тажриба жиҳатдан қўллаб-қувватлаш лозим.
Бундай кўмакни эса махсус тузилмалар - стартап акселератор ва инкубаторлар яратиб бериши мумкин. Шунингдек стартап акселератор ва инкубаторлар асосан Университетлар ва тадқиқот марказлари асосида яратилади.
Дунё тажрибасидан маълумки, бизнес акселератор ва бизнес инкубаторлар АҚШ ва Европада иқтисодиёт ривожланишининг энг фойдали ва тез ривожланадиган соҳаси ҳисобланади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018-йил 11-сентябрдаги “Инновацион ривожланишни янада қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ Инновацион ривожланиш вазирлиги қошидаги Илғор технологиялар марказида юқори технологияли, кичик стартап компаниялар учун Инновацион стартап акселератор ва инкубатор ташкил этилди. Бунда мавжуд инфратузилмалардан, бино, лаборатория ускуна ва анжомларидан бепул, имтиёзли равишда фойдаланиш имконияти берилади.
Мазкур акселератор бир қатор компаниялар билан ҳамкорликда, жумладан, Startup Factory (ИТ соҳасидаги стартап акселератор), Green Business Innovation (яшил технологиялар ва муқобил энергия манбалари бўйича консалтинг компания) ва Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳомийлигида ташкиллаштирилмоқда.
7-8- ноябрь кунлари акселератор дастурининг дастлабки босқичи - ʼScienceThon by C.A.Tʼ бўлиб ўтиши режалаштирилган. ʼScienceThon by C.A.Tʼ бу потенциал иштирокчилар учун 2 кунлик интенсив семинар. Биз унда 6 ойлик акселератор дастури, қатнашиш шартлари ҳақида маълумот берамиз. ScienceThon қатнашчилари ўзларининг жамоаларини шакллантиради. Экспертлар дизайн фикрлаш ва жамоани қандай шакллантириш лозимлиги тўғрисида кўрсатмалар беришади.
8-ноябрь санасида эса гуруҳлар ўзларининг лойиҳа ва ғояларини 5 дақиқалик тақдимот шаклида намойиш этишади. Ҳайъат аъзолари лойиҳаларни баҳолаб боришади ва акселераторнинг кейинги босқичида қайси гуруҳлар қатнашишини белгилаб беришади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги