Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“XXI аср мусиқа санъати: муаммо ва ечимлар” мавзуидаги Халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди
2018-11-06 | Маданият
Мамлакатимизда сўнгги йилларда маданият ва санъат соҳасига катта эътибор қаратилиб келинмоқда. Давлатимиз раҳбарининг соҳага тегишли ўнлаб қарор ва фармонлари имзоланиб, белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан самарали ишлар олиб борилмоқда.
Бугун Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда Ўзбекистон давлат консерваторияси ташаббуси билан “XXI аср мусиқа санъати: муаммо ва ечимлар” мавзуидаги Халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Ушбу конференция Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Илмий-инновацион ишланма ва технологияларни ишлаб чиқаришга тадбиқ этишнинг самарали механизмларини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2018 йил 12 январдаги 24-сонли қарори ва 2018 йил 6 мартдаги 178-Ф-сонли Фармойишига асосан ташкил этилди.
Конференцияда Корея, Австралия, Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон, Озарбайжон ва бошқа кўплаб чет эллик соҳа мутахассислари, олимлар иштирок этди. Конференциянинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири – Ўзбекистон давлат консерваторияси ректори, профессор Б.Сайфуллаев,
Ўзбекистондаги Британия Кенгаши раиси R.Ireland, Қозоғистон композиторлар уюшмаси экс президенти, фан доктори Б.Кыдырбек, Озарбайжон Республикаси халқ артисти А.Дадашев ҳамда Тожикистон композиторлар уюшмаси раиси Х.Низомовлар иштирок этди. Конференцияни Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири – Ўзбекистон давлат консерваторияси ректори, профессор Б.Сайфуллаев очиб берди. Маданият вазири Б.Сайфуллаев ўз нутқида бугунги анжуман чин маънода илм аҳли, олимлар ва соҳа ходимлари учун улкан тажриба майдони, фикрлар алмашинуви учун кўприк вазифасини ўташини, ундан олинган маълумотлар келгусида соҳа ривожига катта кўмак беришини алоҳида таъкидлади.
Ўзбекистон давлат консерваторияси Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори, профессор С.Гафурова модераторлигида ўтган конференциянинг ялпи мажлисида А.Пертоу (Австралия), До Хонг Куан (Вьетнам), Ф.Машурова (Қозоғистон), Р.Абдуллаев (Ўзбекистон), О.Иброҳимов (Ўзбекистон), Н. Янов-Яновская (Ўзбекистон)лар ўз маърузалари билан иштирок этишди. Шундан сўнг, конференция шўъбаларга бўлинган ҳолда ишини давом эттирди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги