Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилинг ҳамда чегирмаларга эга бўлинг
2018-11-05 | Туризм
Бугунги кунда, республикамизнинг барча ҳудудларидаги марказий кўчаларида ҳамда аҳоли гавжум бўлган жойларида «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилинг!» шиори остидаги реклама-баннерларини жойлаштириш ишлари бошланган бўлиб, ҳозирда 250 дан ортиқ баннерлар ўрнатилди ҳамда уларнинг умумий ҳисобда 320 та ўрнатилиши кутилмоқда. Ушбу баннерларда ҳудудларнинг туризм салоҳияти ёритилиб, уларда сайёҳларни ўзига жалб қилувчи объектлар жойлаштирилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ушбу тарғибот ишларини олиб боришдан асосий мақсад, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан маҳаллий аҳолининг мароқли дам олишларини ташкиллаштириш ҳамда туристик мавсум суст бўлган даврда туризм объектларининг бандлигини таъминлашга қаратилган бўлиб, республика бўйлаб жойларда аҳолига ўз хизматларини кўрсатишда чегирмалар жорий қилинганлигини билдирган туризм соҳаси иштирокчилари, яъни меҳмонхоналар, транспорт ташкилотлари ва умум-овқатланиш масканлари рўйхатлари шакллантирилганлиги ҳақида ахборот берилди.
Республика бўйлаб чегирмалар тақдим этган меҳмонхоналарнинг умумий сони 123 тани, транспорт ташкилотлари сони 54 тани ҳамда умумий овқатланиш (ресторан) масканлари сони 90 тани ташкил этганлиги давлат ва хусусий сектор ўртасидаги ҳамкорлик мустаҳкамланиб бораётганлигидан ва тадбиркорларнинг туризм мавсуми суст давридан оқилона фойдалана бошлаганидан далолат беради.
Чегирмалар ҳақида батафсил маълумотларни Қўмитанинг www.uzbektourism.uz расмий веб-саҳифаси ҳамда 71 233-67-19 телефон рақамлари орқали билиб олишингиз мумкин.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги