Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
БМТ делегацияси билан ТИВда бўлиб ўтган учрашув тўғрисида
2018-11-03 | Сиёсат
2018 йилнинг 1 ноябрь куни ТИВда Махсус топшириқлар бўйича элчи Илҳомжон Неъматов БМТ Бош котиби ўринбосари, Аксилтеррор бошқармаси раҳбари Владимир Воронков ва БМТ Бош котибининг Махсус вакили, БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Наталя Герман билан учрашди.
Учрашув чоғида БМТ вакиллари Ўзбекистоннинг қўшни давлатларга нисбатан юритаётган янги очиқ ва яхши қўшничилик сиёсатини юқори баҳоладилар.
Таъкидланганидек, Ўзбекистоннинг сиёсати сабабли бугун Марказий Осиёда янгича соғлом муҳит ва дўстона руҳ, шунингдек, минтақа мамлакатлари ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантириш учун мақбул шароит вужудга келди.
Меҳмонларга Ўзбекистоннинг минтақа давлатлари билан давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш масалалари бўйича музокаралар жараёни тўғрисида қисқача маълумот берилди.
БМТ вакилларининг сўзларига кўра Ўзбекистоннинг Қирғизистон ва Тожикистон билан давлат чегарасини расмийлаштириш ҳамда чегара бўйича шартномаларни имзолаш каби қийин/мушкул масалаларга жавоб топилиши БМТ томонидан юқори баҳоланди.
Учрашув давомида чегара масалалари бўйича Ўзбекистоннинг ижобий ишланмаларини оммалаштириш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Шу муносабат билан БМТ вакиллари халқаро ташкилот доирасида чегара масалаларини ечиш бўйича Ўзбекистон тажрибаси мавзусида тақдимот ўтказишни таклиф қилдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги