Жорий йилнинг 7-8 ноябрь кунлари пойтахтимизда “Мамлакатнинг демократик янгиланиши ҳамда модернизациясида аёлларнинг роли: Ўзбекистон тажрибаси ва халқаро амалиёт” мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтади.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Миллий матбуот марказида ташкил этилган тадбирда мазкур халқаро конференциянинг мазмун-моҳияти, мақсад ва вазифаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Унда давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар юртимиз хотин-қизларининг ижтимоий-сиёсий ва социал фаоллигини ошириш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, оналик ва болаликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда муҳим дастуриламал бўлаётгани таъкидланди.
Бу каби талаблардан келиб чиқиб, ташкил этилаётган ушбу халқаро анжуман ҳам мамлакатимизда хотин-қизларни моддий ва маънавий рағбатлантириш, уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларга ҳамоҳанглиги билан муҳим аҳамият касб этади. Ундан асосий мақсад эса халқаро ҳамжамиятни Ўзбекистон аёлларининг жамият ва давлат бошқарувидаги мавқеи, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий йўналишлардаги фаол иштироки билан таништириш ҳамда ўз навбатида халқаро тажрибани ўрганиш ва амалиётга татбиқ этишдир.
– Анжуманда дунёнинг 30 га яқин давлатидан халқаро аёллар институтлари вакиллари, сиёсат, ижтимоий-иқтисодий ҳаётда фаол бўлган аёллар иштирок этади, – деди Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси бўлим бошлиғи Д.Қўзиева. – Шунингдек, тадбир доирасида келгусида аёлларнинг давлат бошқарувидаги фаол иштирокини таъминлаш учун узоқ ва қисқа муддатли лойиҳаларни ўз ичига олган халқаро майдон ташкил қилиш кўзда тутилган. Бугун мамлакатимизда аёлларнинг фаоллигини ошириш, уларнинг турли соҳада ўз қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариши учун шарт-шароит яратиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бунга Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг халқаро миқёсда ўрнатган алоқалари яққол далил бўла олади. Мисол учун, бугун қўмита аёллар масаласига оид йўналишларда Россия, Озарбайжон, Туркманистон, Қозоғистон, Хитой, Германия каби давлатлар билан ўзаро халқаро ҳамкорликларни йўлга қўйган. Албатта, бундай манфаатли муносабатлар нафақат бизга, балки халқаро ҳамжамият учун ҳам жуда фойдалидир.
Анжуман доирасида иштирокчилар Самарқандда бўлиб, у ердаги тарихий обидалар ва шаҳарда амалга оширилган улкан ишлар билан ҳам яқиндан танишишга муваффақ бўлади.
Матбуот анжуманида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева сўзга чиқди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА
Манба: ЎзА