Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Вазир “Siemens” компанияси вице-президенти билан учрашди
2018-11-01 | Технологиялар
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов “Siemens” компанияси вице-президенти Александр Либеров бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Учрашувда Ўзбекистонда «Хавфсиз шаҳар» лойиҳасини амалга ошириш бўйича томонларнинг ўзаро ҳамкорлиги масалалари муҳокама қилинди.
Қайд этиш лозимки, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017-йил 29-августдаги қарори билан «Хавфсиз шаҳар» аппарат-дастурий комплексини яратиш бўйича босқичма-босқич чора-тадбирлар дастури тасдиқланган эди.
«Хавфсиз шаҳар» комплекси ички ишлар органлари, давлат органлари ва бошқа ташкилотлари ахборот тизимлари, видеокузатув, қоидабузарликларни қайд этиш, объектларни қўриқлаш, эҳтимолий таҳдидларга жавоб қайтариш ва огоҳлантириш тизимлари, интеллектуал таҳлил датчиклари ҳамда навбатчилик-диспетчерлик марказлари ва маълумотларни қайта ишлаш марказларининг қоидабузарликлар профилактикаси бўйича бошқа ахборот тизимларини интеграция қилишни назарда тутади.
Учрашувда Шуҳрат Содиқов ўтган асрнинг 90-йилларидаёқ Ўзбекистон ва “Siemens” компанияси ўртасида ўзаро ишончга асосланган самарали ҳамкорлик йўлга қўйилганини эътироф этаркан, мамлакатимизда «Хавфсиз шаҳар» лойиҳасини амалга оширишда ушбу компаниянинг бой тажрибаси ва илғор амалиётларини ҳисобга олишга қарор қилинганини таъкидлаб ўтди.
“Siemens” компаниясининг вице-президенти А.Либеров ўтган йилнинг 15-ноябрида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов ва “Siemens” компанияси техник директори Р.Буш ўртасида учрашув ўтказилгани ва унда «Хавфсиз шаҳар» лойиҳасини амалга ошириш бўйича англашув меморандуми имзоланганини қайд этди. Шунингдек, у “Siemens” компанияси Ўзбекистонда бу лойиҳани амалга оширишда иштирок этишдан мамнунлигини билдириб, нафақат пилот лойиҳа, балки лойиҳанинг бутун Ўзбекистон ҳудудида амалга оширилишига ҳайрихоҳ эканини таъкидлади.
Учрашув давомида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг Ахборот хавфсизлиги ва жамоат тартибини таъминлашга кўмаклашиш маркази «Хавфсиз шаҳар» лойиҳасини амалга оширишда масъул ташкилот экани ва марказ томонидан бир қатор вазифалар бажарилгани қайд этилди. Жумладан, лойиҳанинг техник вазифаси ишлаб чиқилган, аппарат-дастурий комплексининг асосий жиҳатлари ва лойиҳани амалга ошириш босқичлари аниқлаб олинган.
Пилот лойиҳасини (Самарқанд шаҳрида) амалга ошириш доирасида йил охиригача иш ҳажмини аниқлаш ва ҳисоб-китобларни тайёрлаш таклиф этилди. Бу томонлар ўртасида имзоланиши кутилаётган Келишувда акс этади.
Лойиҳанинг қиймати аниқлагандан сўнг, уни молиялаштириш, жумладан тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этиш имкониятлари кўриб чиқилади.
Шунингдек, «Хавфсиз/Ақлли шаҳар» лойиҳаларининг амалга оширилиши билан танишиш ва ўрганиш мақсадида Ўзбекистон ишчи гуруҳининг Лондон шаҳрига сафар уюштириши режалаштирилмоқда.
Вазир Шуҳрат Содиқов “Siemens” компанияси билан ҳамкорликда ушбу йўналишдаги вазифаларнинг «йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш орқали лойиҳани яқин келажакда муваффақиятли амалга оширишга умид билдирди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги