Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Муҳаммад ал-Хоразмий олимпиадаси якунланди
2018-11-01 | Таълим
Ўзбекистонда илк маротаба талабалар ўртасида математика бўйича ўтказилган Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги халқаро олимпиада якунланди. Уч кун давомида жаҳоннинг турли давлатларидан ташриф буюрган ёш математиклар Урганчда тўпланиб, ўзаро куч синашди.
Биринчи маротаба ўтказилган ушбу халқаро олимпиадада 20 та мамлакатининг 58 та университетидан 334 нафар (225 нафар талаба ва 109 нафар раҳбар) вакиллари қатнашди.
Олимпиадада Буюк Британия, Чехия, Россия, БАА, Эрон, Болгария, Эстония, Словения, Малайзия, ва бошқа бир қатор Осиё давлатлари ҳамда МДҲ мамлакатлари вакиллар иштирок этишди. Ўзбекистондан олимпиадада 22 та олий таълим муассасалари талабалари қатнашди.
Олимпиада жараёнларини 20 нафардан иборат ҳакамлар ҳайъати назорат қилиб борди. Улардан 18 нафари математика фанидан дунёнинг таниқли халқаро даражадаги экспертларидир.
Олимпиада якунларига кўра, 66 нафар иштирокчи медаллар билан тақдирланди (14 та олтин, 23 та кумуш ва 29 та бронза). Шахсий ҳисобда, биринчи ўринни Пекин университети (Хитой) талабаси Хао Ран Ванг, иккинчи ўринни – Шариф (Эрон) Технология университети талабаси Али Даэи Наби, учинчи ўринни яна бир Пекин университети (Хитой) талабаси Минг Хуиоу Янг, тўртинчи ўринни Ўзбекистон Миллий университети талабаси Толибжон Исмоилов эгаллади.
Умумжамоа ҳисобида Пекин университети талабалари жами 4 та медални (3 та олтин, битта кумуш) қўлга киритиб, энг яхши натижани қайд этган. Ўзбекистон Миллий университети талаблари ҳам 4 та медаль (3 та олтин, 1 та бронза)га сазовор бўлиб, иккинчи натижани кўрсатишди. Эстониянинг Тарту ҳамда Махтумқули номидаги Туркман давлат университети жамоалари ҳам бир хил 1 тадан олтин ва 3 тадан кумуш медални қўлга киритиб, юқори ўринларни эгалладилар.
Бундан ташқари 30 та университетлар вакиллари турли даражадаги медалларни қўлга киритдилар. Ғолибларга медаль ва дипломлар берилди. Олимпиаданинг бошқа иштирокчиларига рағбатлантирувчи ёрлиқлар ҳамда олимпиададаги иштирокини тасдиқловчи сертификатлар топширилди.
Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги халқаро олимпиадада ғолибликликни қўлга киритган ўзбекистонлик талабаларга математика, физика, ахборот технологиялари йўналишлари бўйича магистратурага квотадан ташқари давлат гранти асосида кириш ҳуқуқи берилади. Олимпиада ғолиби ушбу ҳуқуқдан олий таълим муассасасида бакалавриатни тугатганидан кейинги уч йил давомида фойдаланиш мумкин.
Маълумот учун, математика фанидан талабалар ўртасидаги Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги халқаро олимпиада Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йилнинг сентябрида Остона шаҳрида бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Фан ва технологиялар бўйича биринчи саммитида билдирган ташаббуси асосида илк маротаба ташкил этилди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йилнинг 26 августидаги қарорида белгиланганидек, мазкур олимпиада олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ҳар икки йилда бир марта ўтказилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги