Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессияси “Қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантиришда янги мактаб: замонавий илмий ёндашув, инновация ва халқаро ҳамкорлик” мавзусида бўлиб ўтди.
Сессияда барқарор қишлоқ хўжалигини ривожлантиришдаги ёндашувлар, соҳага оид фанларни ўқитишда янгича қарашларни шакллантириш масалалари муҳокама этилди.
Мунозара “Ипак йўлида жойлашган мамлакатларда қишлоқ хўжалигининг барқарор ривожланишида ижтимоий-иқтисодий фанларнинг роли” мавзусидаги халқаро конференция ҳамда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида яқинда иш бошлаган Марказий Осиёда қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантириш бўйича (PhD) мактаби дастури доирасида амалга оширилмоқда.
Ўтиш даврида янги мустақил давлатлар таълим тизимида собиқ иттифоқ давридаги концепция ва назарияларга асосланган ҳолда ўқув дастурлари яратилди ва илмий-тадқиқотлар олиб борилди. Қишлоқ хўжалиги тараққиёти режаси асосан амалий, биологик ва техник фанлар асосида шакллантирилди ҳамда иқтисодчилар фақатгина иқтисодий ҳолатни баҳолаш ва табиий фанлар вакиллари қарорлар ҳаққонийлигини асослашга жалб этилди.
Кўпинча советлар ижтимоий фанларга давлат томонидан тадқиқотлар учун ажратилган маблағларнинг ноўрин сарфланиши сифатида қарашган. Шу боис, уларнинг илмдаги кашфиётлари ва тавсиялари одатда қабул қилинмаган ёки рад этилган. Ижтимоий соҳа олимлари сиёсий ва ижтимоий йўналишда “нозик” ҳисобланган, жумладан, қашшоқлик, тўйиб овқатланмаслик, миграция ва сиёсат таъсирлари каби мавзуларда тадқиқотлар олиб боришни исташмаган.
Ислоҳотларга қарамасдан ижтимоий соҳа олимлари эътибордан четда қолди ва тадқиқотлар учун маблағлар етишмаслиги давом этди. Ижтимоий фанлар мамлакат қишлоқ хўжалиги ривожини таъминлашда кўпроқ ғоялар бериши мумкин. Уларнинг тадқиқот натижалари ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий масалаларни ечишга кўмаклашиш ва кейинги ривожланиш имкониятларини белгилашда ёрдам беради. Бундай фойдали таъсирни яратишда олимлардан халқаро стандартлар даражасидаги олий таълимга боғланган замонавий тадқиқотлар талаб этилади.
Конференцияда Марказий Осиёда барқарор қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда янги докторантура дастури бошланиши эълон қилинади. Ушбу дастур докторантлар учун Марказий Осиёда қишлоқ хўжалиги ривожланиши билан боғлиқ замонавий тадқиқотлар олиб боришда ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Нурилло Насриев, ЎзА
Манба: ЎзА