Бухорода Марказий Осиё экспертлар форумининг якунловчи мажлиси бўлиб ўтди.
“Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида маданий-гуманитар ҳамкорликнинг ривожланиши минтақада ягона тарихий-маданий макон мустаҳкамланишининг омили сифатида” мавзуида ўтган анжуманда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон сиёсий ва етакчи таҳлил марказлари вакиллари иштирок этди.
Тадбирнинг очилишида Бухоро вилояти ҳокими Ў.Барноев, БМТ Бош котибининг махсус вакили, Марказий Осиёда превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Н.Герман ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори В.Норов сўзга чиқди.
Анжуман маърузаларида минтақадаги энг қадимий шаҳарлардан бўлган Бухоронинг дунё тамаддунига қўшган беқиёс ҳиссаси алоҳида эътироф этилди.
Экспертларнинг қайд этишича, ҳозирги пайтда Марказий Осиёда тарихий-маданий, меъморий-археологик қийматга эга 10 мингдан зиёд осори-атиқа бўлиб, бу минтақа тарихий меросининг жаҳон миқёсидаги аҳамиятини кўрсатиб турибди. Бу мероснинг бугунги кунда дунёда ва минтақада юз бераётган мураккаб жараёнларда мулоқот ва ҳамкорликни чуқурлаштиришда улкан роли борлиги таъкидланди. Айни шу масалада Марказий Осиёда маданиятлараро ва цивилизациялараро мулоқотларни ривожлантириш анъаналарига эътибор қаратилди.
Анжуманда Марказий Осиёда маданий-гуманитар ҳамкорликнинг янада кенгайиши муҳимлиги назарда тутилиб, қатор таклифлар илгари сурилди. Хусусан, Марказий Осиё тарихи бўйича жамоавий муаллифлар томонидан асарлар ва ўқув адабиётлари яратиш, умуман, ҳудуднинг тарихини комплекс ўрганиш бўйича илмий-тадқиқот институтлари ташкил этиш, икки томонлама ва кўп томонлама академик тадқиқотларни йўлга қўйиш лозимлиги қайд этилди.
Шунингдек, минтақа мамлакатларининг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда, Буюк ипак йўли бўйлаб уйғунлашган сайёҳлик йўналишлари ташкил этиш, маданий фестиваллар, танловлар, кўргазмалар, спорт мусобақалари ўтказиш муҳимлиги таъкидланди.
– Бугун дунёдаги вазиятдан бохабар бўлишда, одамларни ахборот билан таъминлашда медиа соҳанинг ўрни катта, – деди қозоғистонлик эксперт Асел Назарбетова. – Ана шундай шароитда минтақалараро ягона медиамаконни шакллантириш тақозо этилади. Ягона ахборот макони умумий тарихий илдизи бир бўлган минтақамиз мамлакатлари учун ҳам муҳимдир. Бу борада қўшма интернет сайти, ахборот портали ташкил этиш мақсадга мувофиқ, деб ўйлайман. Бу медиамакон ўз маданиятимиз, маънавий-ахлоқий хусусиятларимизни ривожлантириш ва оммалаштириш нуқтаи назаридан долзарб ҳисобланади.
Экспертлар форуми якуни бўйича баённома қабул қилинди. Унга кўра, томонлар 2023 йилгача мўлжалланган ҳамкорликнинг асосий йўналишлари, хусусан, Марказий Осиёда хавфсизлик, барқарор мустаҳкамланишини таъминлаш, транспорт-транзит, маданий-гуманитар, сайёҳлик, экология соҳаларида ҳамкорлик, иқтисодий интеграция, табиий офатларга қарши курашиш, демографик муаммоларни ҳал этиш юзасидан зарур чора-тадбирлар белгиланган амалий дастур режасини ишлаб чиқиш хусусида келишиб олдилар.
Эркин Ёдгоров, ЎзА
Манба: ЎзА