Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Самарқанд вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан аҳолига амалий ёрдамлар кўрсатилди
2018-10-31 | Жамият
Самарқанд вилоятида 31 октябрь куни кузатилган ёмғир сувлари Самарқанд шаҳридаги «Ўзбекистон», “Спитаменшоҳ”, “Нарпай“, “Фирдавсий“, «Мирзо Улуғбек» ва “М.Қошғарий” каби кўплаб кўчалардаги ариқларга сиғмасдан автомобиль йўлларига чиқиб кетиши қайд этилди. Шунингдек, кўп миқдорда ёғган ёмғир сувлари шаҳарнинг “Сўзангарон”, “Истиқбол“, “Зарафшон“, “Шаҳробод” ва “Фидокорлар“ маҳаллаларидаги кўчалар ва аҳоли хонадонларига оқиб кириш каби ўнлаб нохуш ҳолатлар қайд этилиб, фуқароларга бир қатор муаммоли вазиятларни келтириб чиқарди.
Мазкур ҳолат бўйича вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, тегишли хизматлар билан ҳамкорликда мурожаат қилган фуқароларга амалий ёрдам кўрсатиб, юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олди олишга муваффақ бўлди.
Жумладан, кучли ёмғир натижасида Самарқанд шаҳридаги “Ўзбекистон“ кўчасидаги ариқлар сувга тўлганлиги боис 34-умумтаълим мактаби ҳовлисига кирган. Ушбу вазиятда қутқарувчилар томонидан қувурларга тиқилган чиқиндилар тозаланиб, сув йўли очиб юборилди ва хавфнинг олди олинди.
Шунингдек, “М.Қошғарий” кўчасида ҳаракатланиб келаётган “Нексия” русумли, “Рудакий“ кўчасида эса “Дамас” автомашинаси йўлни кўрмаслиги натижасида ариққа тушиб кетиши кузатилган. Фавқулодда вазиятлар бошқармаси қутқарув отрядининг махсус машинаси ёрдамида ушбу техника воситалари ариқдан чиқарилди.
Бундан ташқари, шаҳарнинг “Бирлик“ кўчасидаги 1-тор кўча 5-уйда фуқаро М.Нигоранинг яшаш хонадонининг ертўласини сув босган. Махсус восита ёрдамида оқова сувлари ертўладан чиқариб ташланди ва юзага келиши мумкин бўлган хатарнинг олди олинишига эришилган бўлса, “Фидоийлар” маҳалласи 52-уйда яшовчи фуқаро Бегимқулова Фотиманинг уйига оқова сувлари кирган вазиятда қутқарувчилар томонидан жами 6 нафар ёш фарзандларини уй ичидан хавфсиз жойга олиб чиқилиб, болажонларнинг хавфсизлиги таъминланди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги