Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги халқаро олимпиада якунланди

2018-10-31 | Таълим

Урганч шаҳрида Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги биринчи халқаро олимпиада ўтказилди. Унда мамлакатимиз ёш математиклари билан бирга 20 дан ортиқ мамлакатнинг 56 олий таълим муассасаси талабалари ўз билимини синовдан ўтказди. 

Бу нуфузли халқаро олимпиадани ташкил этиш ташаббуси Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йилнинг сентябрида Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Фан ва технологиялар бўйича биринчи саммитида илгари сурилганини яхши эслаймиз. 

Дарҳақиқат, буюк мутафаккир, алгебра фани асосчиси Муҳаммад ал-Хоразмийнинг жаҳон цивилизациясига қўшган беқиёс ҳиссаси дунё аҳлини ҳали-ҳамон ҳайратга солиб келади. Замонавий математика, геометрия, тригонометрия, география каби фанлар, ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида эришилаётган ютуқларнинг тамал тоши айнан Хоразмий бобомиз қолдирган илмий мерос билан чамбарчас боғлиқ. 

Шу боис, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 августдаги қарори билан олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ҳар икки йилда бир марта математика бўйича Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги халқаро олимпиада ўтказиладиган бўлди. Мазкур олимпиаданинг айнан Хоразмда ўтказилишида ҳам катта маъно мужассам. Зеро, Хоразмий бобомиз шу заминда туғилиб, вояга етди. Кейинчалик дунё илм-фани ривожига улкан ҳисса бўлиб қўшилган илмий ғоялар шу тарихий диёрда пайдо бўлган, маромига етган. 

– Бу халқаро олимпиадани ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад буюк алломанинг жаҳон илм-фани ва цивилизацияси ривожига қўшган улкан ҳиссасини халқаро миқёсда тарғиб қилиш, иқтидорли талабаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг математика фани бўйича билимини янада мустаҳкамлаш, илм-фан йўлида халқаро ҳамкорликни кенгайтиришдан иборат, – дейди физика-математика фанлари доктори, академик Абдулла Аъзамов. – Эзгу ташаббуснинг амалга ошганини ва кейинчалик такомиллашиб боришини ёшларнинг илм-фан ривожига муҳим ҳисса қўшиши учун очилган кенг йўл, дейиш мумкин. 

Олимпиада иштирокчилари Урганч ва Хива шаҳарларини зиёрат қилди. Қадимий Хоразмнинг тарихи ва бир неча асрлардан буён сақланиб келаётган осори-атиқалари билан танишди. Урганч шаҳри марказидаги буюк мутафаккир аллома номи билан аталувчи боғда бўлишди. Ал- Хоразмий сиймосига ҳурмат бажо келтирилиб, унинг пойига гулчамбарлар қўйилди. 

– Урганч давлат университети маҳобатли ва чиройли экан, – дейди Монголия университети профессори Олзибат Мунҳадава. – Муассасада талабалар учун яратилган шароитлар аъло даражада. Ёшлар билан суҳбатлашганимизда уларнинг билим даражаси, фикрлаши бизда катта таассурот қолдирди. Бизнинг талабаларимиз турли дастурлар бўйича изланишлар олиб боришади, бу борада ёшларингиз билан ҳамкорлик фойдадан холи бўлмайди. 

Халқаро олимпиаданинг асосий синовлари Урганч шаҳридаги “Ёшлик” спорт мажмуасида ўтказилди. Интеллектуал баҳсларни юртимиз ва дунёнинг таниқли математиклари, халқаро экспертлар, профессор-ўқитувчилардан иборат ҳакамлар ҳайъати кузатиб борди. 

– Биз 5 та математик масалани 5 соат давомида ишладик, – дейди Хитойнинг Пекин университети талабаси Мингҳуи Оуянг. – Саволлар алгебра, математик анализ, геометрия, комбинаторика йўналишларини ўз ичига олди. Ҳар бир масала енгил, ўрта, оғир даража асосида балл системасида баҳоланди. Мусобақанинг яхши ташкил этилгани бизга маъқул бўлди. Энг муҳими, унда иштирок этиб, дўстлар орттирганимиздан мамнунмиз. 

Халқаро олимпиадада энг яхши натижани Хитойнинг Пекин университети, Эроннинг Шариф технология университети, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети талабалари қайд этди. 

 

Аҳмаджон Шокиров, Шоназар Қориев (сурат), ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться