Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Проректорлар ва директор ўринбосарлари инновацион менежментни ўрганишмоқда
2018-10-30 | Жамият
29 октябрь куни Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ташкил этилган “Инновацион менежмент” ўқув тренинги ўз ишини бошлади. Тошкент Халқаро Вестминстер университетида бўлаётган тренингда олий таълим муассасаларининг илмий ишлар ва инновация масалалари бўйича проректорлари, илмий-тадқиқот муассасалари директор ўринбосарлари иштирок этишмоқда. Тадбирни Инновацион ривожланиш вазири ўринбосарлари Азимжон Назаров ва Йўлбарсхон Мансуров очиб бердилар.
Олий таълим муассасаларининг нуфузини ошириш, профессор-ўқитувчиларнинг илмий салоҳиятини халқаро илмий ҳамжамиятда муносиб ўринга чиқариш, таълим жараёнларига дунёда тан олинган фан арбоблари, юқори малакали профессор-ўқитувчиларни жалб қилиш мақсадида замон талабларини инобатга олган ҳолда режали дастурлар ишлаб чиқиш зарурати пайдо бўлди.
Вазирлик томонидан тақдим этилаётган ўқув-тренингдан кўзланган асосий мақсад ҳам меҳнат бозоридаги таркибий ўзгаришга жавоб берадиган, ёшларимизга касб-ҳунар ўргатадиган, уларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантирадиган тизимни ҳамда илм-фанни ривожлантириш, тадқиқотларни ишлаб чиқариш билан интеграция қилиш, илмий фаолият натижадорлигини ошириш, иқтидорли талабалар илмий изланишлар олиб бориши учун зарур шароитлар яратишдир.
Ўқув машғулотлари беш кун – 2 ноябрга қадар давом этади. Ҳар куни иккитадан дарс ўтилиши режалаштирилган бўлиб, ўқув машғулотларини Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Йўлбарсхон Мансуров ва вазирликнинг бошқа масъул ходимлари олиб борадилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги