Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Германия Бундестаги вакиллари Бухорода
2018-10-30 | Жамият
Германия Бундестагининг “ГФР – Марказий Осиё» парламент гуруҳи раиси М.Грунд бошчилигидаги делегацияси 29 октябрь куни Бухоро вилоятида бўлди.
Германия парламент гуруҳи вакиллари Когон туманида жойлашган "Кнауф Гипс Бухоро" хорижий корхонасига ташриф буюриб, унинг фаолияти билан танишди.
Мамлакатимиз иқтисодиётига хорижий сармоядорларни жалб этиш ва улар иштирокида истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунда улар учун яратилган қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳити муҳим омил бўлмоқда.
Бухоро вилоятида Германиянинг дунёга машҳур "Кнауф" халқаро гуруҳи билан ҳамкорликда ташкил этилган корхона муваффақиятли фаолият кўрсатмоқда. У 2009 йилда Ўзбекистонда гипс хомашёсига асосланган ва дунёда юқори сифати билан машҳур Кнауф қуруқ аралашмаси ишлаб чиқариш корхонасини ишга туширган эди. Бу мамлакатимизда қуруқ ва модификацияланган қурилиш аралашмалари бозори шаклланишига катта ҳисса бўлди.
2011 йил сентябрь ойида "Кнауф Гипс Бухоро" хорижий корхонасида Кнауф қопламалари ишлаб чиқариш заводи ишга туширилди. Жорий йил май ойида бу ерда гипсокартон ишлаб чиқариш лойиҳаси модернизация қилинди. Бунинг самарасида линия қуввати 30 фоизга ошиб, корхонада йилига 30 миллион квадрат метрдан зиёд гипсокартон ишлаб чиқариш ўзлаштирилди.
Германия парламент гуруҳи аъзолари замонавий технологиялар билан жиҳозланган завод фаолияти билан танишди. Хорижликларга корхонада тайёрланаётган қурилиш маҳсулотларига нафақат ички, балки ташқи бозорда ҳам талаб ошиб бораётгани ҳақида сўзлаб берилди.
Меҳмонлар ташриф давомида Бухоронинг тарихий-меъморий обидалари ва бошқа диққатга сазовор жойлари билан ҳам танишди.
Манба: ЎзА