Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси ташаббуси билан “Очиқ эшиклар куни” тадбири ўтказилди.
Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси ташаббуси билан вилоят прокуратураси, Савдо-саноат палатаси ва Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармалари ҳамкорлигида солиқ қарзининг пайдо бўлиш сабаблари, тўловларнинг амалга оширилишида учраётган муаммолар ва уларни бартараф этишга бағишланган “Очиқ эшиклар куни” тадбири ўтказилди.
Президентимизнинг 2018 йил 27 июлдаги “Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳияти, белгиланган солиқ имтиёзларидан мақсадли фойдаланиш, тадбиркорлар фаолиятида учраётган муаммолар юзасидан фикр алмашилди.
Фармонга кўра, якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахслар, молиявий-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган, вақтинча фаолиятини тўхтатган якка тартибдаги тадбиркорлар, давлат рўйхатидан ўтмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланган жисмоний шахслар тадбиркорлик фаолиятини тиклаган ёки қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган тақдирда, қайд этилган солиқ қарзлари, молиявий жарималар ҳамда пенялар ҳисобдан чиқарилади. Шунингдек, якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтмасдан фаолият олиб бораётган жисмоний шахслардан тегишли фаолият тури бўйича ўрнатилган ставкадан келиб чиқиб ҳисобланган бир йиллик қатъий белгиланган солиқни бир йўла ундириш тартиби ҳам бекор қилинди.
Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбасининг маълум қилишича, бу борада вилоятда олиб борилган тарғибот-ташвиқот ишлари натижасида 300 нафар фуқаро тадбиркорлик фаолиятини қайта тиклагани ҳамда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтгани туфайли уларнинг 8 174,3 миллион сўм солиқ қарзи ҳисобдан чиқарилди.
– Давлатимиз томонидан берилаётган имтиёзлар ва солиқдан юзага келган қарзимнинг кечилишини эшитиб, тадбиркорлик фаолиятимни қайта йўлга қўйдим, – дейди тадбиркор Ш.Иброҳимов. – Давлат солиқ хизмати органлари 12,6 миллион сўмлик солиқ қарзларимни ҳисобдан чиқарди. Бу мен учун катта имконият бўлди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА
Манба: ЎзА