Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Энг яхши стартап асосчиси Исроилда бўладиган тадбирда қатнашади
2018-10-29 | Инновация
“InnoWeek-2018” тадбири доирасида мамлакатимиздаги 12 энг яхши стартаплар Исроилда бўладиган тадбирда Ўзбекистонни тақдим этиш ҳуқуқи учун мусобақалашди. Ўзбекистондаги мусобақа ғолиби 2-7 декабрь кунлари Исроилдаги тадбирда иштирок этиш учун ушбу мамлакатга боради.
Танлов ёш стартапчиларга ўз тармоғи қамровини кенгайтириш ҳамда Исроилдаги венчур компаниялар, инкубаторлар ва hi-tech мутахассислари билан учрашиш учун қулай майдон яратиш мақсадида ташкил этилди.
Ўзбекистондаги танловнинг финал боcқичида иштирок этувчи стартапчиларнинг сараланиши жорий йил 20 октябрда якунланган бўлиб, мазкур танловга жами 32 ариза келиб тушган ҳамда улардан энг яхши 12 таси танлаб олинди. Танловга рақамли саломатлик, тиббий технология, “ақлли шаҳарлар”, автоном оммавий транспорт, молия технологиялари йўналишлари бўйича стартаплар қабул қилинди.
Якуний босқичдаги 12 нафар иштирокчи ўз лойиҳаларини ҳакамлар ҳайъати ҳамда йиғилган меҳмонлар ва ОАВ вакилларига тақдим этди. Тақдимотлар натижаларига кўра, ҳакамлар танловнинг асосий совриндорини аниқлайди ва яна икки стартап эса рағбатлантирувчи совғалар билан тақдирланади. Ғолиб стартап асосчиси Исроилдаги тадбирга таклифнома ва шу жумладан, сафар харажатларини қўлга киритди.
Ҳаифа шаҳридаги ўқув лагерига борадиган иштирокчиларга Нобель мукофоти лауреати ҳамда халқаро hi-tech тармоғидаги юқори лавозимлардаги раҳбарлар билан учрашиш, стартапнинг самарадорлиги ҳамда унинг инвесторлар учун қизиқарлилиги даражасини орттиришга хизмат қилувчи билимларни эгаллаш, бошқа мамлакатлардан келган ғолиблар билан тажриба алмашиш имконияти яратилади.
Манба: ЎзА