Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Туркия ТИВ делегацияси билан учрашув
2018-10-29 | Сиёсат
2018 йилнинг 26 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида Тошкент шаҳрига келган Туркия Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Шарқий Европа, Кавказ ва Марказий Осиё мамлакатлари билан икки томонлама муносабатлар бош бошқармаси бошлиғи Шефик Вурал Алтай бошчилигидаги делегацияси қабул қилинди.
Учрашувда Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил октябрь ойида Туркияга ва Президент Режеп Таййип Эрдўғаннинг жорий йил апрель-май ойларида Ўзбекистонга қилган давлат ташрифлари чоғида ҳамда кейинги олий даражадаги икки томонлама алоқаларда эришилган келишувларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасида тарихан шаклланган мустаҳкам алоқалар, ҳамкорликни кенгайтириш йўлидаги биргаликдаги саъй-ҳаракатлар ҳозирги кунда Ўзбекистон – Туркия стратегик шерикчилигини янада ривожлантириш учун муҳим замин эканлиги таъкидланди.
Суҳбат чоғида бўлажак қўшма тадбирларнинг жадвали ва кун тартиби ҳам муҳокама қилинди.
Музокараларда савдо-иқтисодий, инвестиция ва транспорт-коммуникация соҳаларида биргаликда ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг ижобий тажрибаси тўпланганлиги эътироф этилиб, мазкур соҳалардаги икки давлат алоқаларига алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, ўзаро товар айланмасининг динамик ўсаётганлиги ўсиб бораётганлиги, 2018 йилнинг январь-сентябрь ойларида бу кўрсатгич 1,52 млрд. АҚШ долларидан ошганлиги, бу эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 40%га кўпроқ натижа эканлиги мамнуният билан қайд этилди. Шу билан бирга ушбу йўналишлардаги ҳамкорликни ошириш учун захира ва янги имкониятлар мавжудлиги тасдиқланди.
Тадбирда қўшма маданий-гуманитар лойиҳаларни амалга ошириш борасида фикр алмашилди.
Учрашувда халқаро ва минтақавий масалалар, жумладан Афғонистондаги тинчлик жараёнининг истиқболлари ҳам кўриб чиқилди.
Шу куннинг ўзида Ўзбекистон – Туркия вазирликлараро сиёсий маслаҳатлашувларининг навбатдаги раунди бўлиб ўтди.
Музокараларда Туркия Элчиси Аҳмет Башар Шен иштирок этди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги