Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Нотариат – низоларни олдини олувчи муҳим институт
2018-10-25 | Жамият
Эндиликда чекка ҳудудларда аҳолининг ҳуқуқий хизматга бўлган эҳтиёжини инобатга олган ҳолда нотариусларни ротация қилиш институти амалиётга киритилади.
Бу ҳақда Адлия вазирлиги томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида қайд этилди. Бундан ташқари, фуқароларга нотариал идораларига навбатни қайд этиш, битим лойиҳасини тайёрлаш ва бошқа масалалар бўйича электрон мурожаат қилиш мумкинлиги белгиланмоқда.
Бўлиб ўтган тадбирда нотариат соҳасини ислоҳ қилиш, уни жисмоний ва юридик шахсларга малакали юридик ёрдам берувчи, ҳуқуқий низоларнинг олдини олувчи, шунингдек, ҳуқуқий муносабатларни ишончли ва тинч йўл билан ҳал этилишини таъминлайдиган муҳим институт сифатида шакллантириш бўйича чора-тадбирлар юзасидан фикр алмашилди.
Адлия вазири ўринбосари А.Ташкулов анжуман иштирокчиларига соҳада мавжуд муаммо ва камчиликлар хусусида тўхталиб, хусусан, аҳолига тақдим этилаётган нотариал хизматларнинг сифат ва тезкорлик даражаси пастлиги, нотариал идоралардаги узундан-узун навбатлар, давлат божи ва бошқа йиғимларни ундиришда шаффофлик йўқлиги, шунингдек, мавжуд бюрократик тўсиқ ва ғовлар аҳолининг нотариат тизимига бўлган ишончини сусайтириб, коррупция илдиз отишига имконият яратаётганини қайд этди.
Натижада мазкур муаммоларни бартараф қилиш мақсадида давлатимиз раҳбарининг “Низоларнинг олдини олишга қаратилган институт сифатида нотариат тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинганлигига урғу берди.
Қарорда нотариат институтининг жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, аҳолига кўрсатилаётган нотариал хизматларнинг сифатини яхшилашдаги роли ва аҳамиятини янада ошириш бўйича қатор йўналиш ва вазифалар белгиланган. Қарор ижросини таъминлаш мақсадида 1 қонун, Вазирлар Маҳкамасининг 3 қарори, 1 идоравий меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди.
Таъкидлаш жоиз, жорий йилнинг 9 ойи мобайнида 3192 819 нотариал ҳаракатлар амалга оширилди. Бу эса ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 4,5 % га камдир. Бундан ташқари, жорий йилнинг бошида нотариуслар томонидан сайёр тартибда 17391 та нотариал ҳаракатлар рўйхатдан ўтказилди. Ўтган йил билан таққослаганда, бу кўрсаткич 24 фоизга ўсган.
Тадбир давомида журналистларга жорий йил 11 октябрида имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунчилик ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни кучга кирганидан сўнг жорий этиладиган янгиликлар хусусида ҳам маълумот берилди.
Хусусан, ҳужжатга мувофиқ, 2019 йил 1 январдан бошлаб кўчмас мулкни ижарага бериш ва текин фойдаланиш шартномаларини мажбурий нотариал тасдиқлаш бекор қилинади. Бироқ ижара шартномаларини солиқ органларида мажбурий тартибда ҳисобга қўйиш лозим бўлади.
Мурожаат этувчилар нотариал тасдиқланаётган ҳужжатларга имзо қўйиш ва махсус мосламада уларнинг бармоқ изларини сканер қилиш йўли билан нотариал ҳаракатлар бажарганлигини тасдиқлайдилар.
Судларда кўпинча имзоларнинг ҳақиқийлиги устида баҳслашиш ҳолатлари учраганлиги сабабли, нотариал ҳаракатларни амалга ошириш жараёнида ариза берувчи томонидан нотариал тасдиқланган ҳужжатларга имзо чекиш ва уларнинг қўл бармоқлари изини сканер қилиш ҳамда васиятнома ва бошқа ҳужжатларга имзо чекиш жараёни мажбурий равишда аудио- ва видеога ёзиб бориш орқали тасдиқлаш тартиби жорий этилмоқда.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 14 сентябрдаги қарорига мувофиқ, жисмоний ва юридик шахсларга нотариал хизматлар “ягона дарча” тамойили асосида кўрсатилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги