Жорий йилнинг 24 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида Хитой Халқ Республикасининг Миллатлар ва дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Батеер бошчилигидаги Хитой делегацияси ҳамда қўмита вакиллари иштирокида музокаралар ташкил этилди.
Тадбирда Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Р. Қурбонов, қўмита раис ўринбосари К. Эшонхўжаев, Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Цзян Янь, Хитой Халқ Республикасининг Миллатлар ва дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Батеер ва бошқалар мамлакатлардаги диний бағрикенглик, республика ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг миллий меросига ҳурмат билан муносабатда бўлиш, барча миллат ва элатларнинг тили, маданияти, урф-одат ва анъаналарини сақлаш ҳамда ривожлантириш учун кенг шароитлар яратиш, миллатлар ўртасида ўзаро меҳр-оқибатни янада кучайтириш, шунингдек, келгусида икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, узоқ муддатли, икки томонлама манфаатли шерикликни фаол ривожлантириш масалалари ва бу борадаги келгуси режалар ҳақида ўзаро фикр алмашди.
Музокаралар давомида жамиятимизда миллатлараро ҳамжиҳатлик ва барқарорликни мустаҳкамлашда Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган тамойилларнинг аҳамияти ва унинг турли миллат вакиллари ҳаётидаги ўрни, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг беш устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида мамлакатимизда миллатлараро тотувликни таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилгани таъкидланди.
Тадбирда Хитой Халқ Республикасининг Миллатлар ва дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Батеер кам миллат вакилларидан иборат бўлса-да, Хитойда миллий бағрикенглик, диний эркинлик масалаларига ҳукумат доирасида катта эътибор қаратилганлигини таъкидлаган ҳолда, ушбу масалада Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларда маҳалла институти ўрни алоҳида эканлигини таъкидлаб ўтди.
– Ҳукуматингиз томонидан олиб борилаётган одилона бошқарув остида юртингиз ҳудудида йиллар давомида турли дин ва миллат вакилларининг аҳил ва тотув истиқомат қилишлари эътирофга лойиқдир, – дейди Батеер.
Учрашув якунида икки давлат масъул вакиллари ўзаро эсдалик совғалари алмашди.
Зуҳра Мирзабоева, ЎзА
Манба: ЎзА