"Ҳар бир тадбиркор, уста, ҳунарманднинг меҳнати алоҳида қадр ва эътибор топмоқда"
Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ўтказилаётган “Ташаббус – 2018“ республика кўрик-танловининг Тошкент шаҳар босқичи бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда тадбиркорлик ривожига алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ мамлакатимизда давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини камайтириш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, хусусий мулкнинг устуворлигини янада кучайтириш, бизнес ташаббуслар, стартапларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга оид кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Юртимизда қабул қилинган кўплаб қонун ҳужжатлари бизнесни юритишдаги ортиқча бюрократик жараёнларни тубдан қисқартириш, хусусий мулкнинг дахлсизлигини ҳимоя қилиш ва кафолатлашнинг бозор ҳамда ҳуқуқий механизмларини изчил мустаҳкамлаб бориш, республикада инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини яхшилашга қаратилган кучларни жамлаш имконини бермоқда.
Ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича қабул қилинаётган чоралар самарадорлиги ва натижадорлиги етакчи халқаро молиявий ташкилотлар ва рейтинг агентликларининг ижобий баҳоларида холисона акс эттирилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун юртимизда анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Ташаббус-2018“ республика кўрик-танлови бу йил мамлакатимизда ўзгача кўтаринкилик, байрамона кайфиятда бўлиб ўтмоқда. 2018 йилги кўрик-танловнинг Тошкент шаҳар босқичида энг илғор, ишбилармон, ташаббускор 44 нафар сараланган тадбиркорлар иштирок этди.
– Бу йилги танловда шаффофлик ва холислик тамойилларига таянишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Савдо-саноат палатасининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси бўлим бошлиғи Рустамбек Баратов. – “Йилнинг энг яхши ёш тадбиркори“ йўналиши асосий номинациялар қаторидан жой олди. Иштирокчилар фаолиятини баҳолашда маҳсулотнинг экспортбоплиги, қўшимча иш ўринлар яратишга бўлган эътибор каби жиҳатлар ҳам инобатга олинади. Тадбиркорларнинг фаолияти саноат ва хизмат кўрсатиш йўналишларида алоҳида баҳоланмоқда.
“Полимер пластик“ масъулияти чекланган жамияти болалар учун ўйинчоқлар ишлаб чиқаради. 2009 йилда ташкил этилган мазкур корхонада 50 га яқин ишчи меҳнат қилади. Маҳсулот яратишда психологлар, давлат стандартлаштириш соҳаси мутахассисларининг кўрсатмалари, бозор талаб ва эҳтиёжи қатъий инобатга олинади.
– Бугунги кунда корхонамизда 300 дан ортиқ турда ўйинчоқ маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда, – дейди “Полимер пластик“ корхонаси иш юритувчиси Баҳодир Мардонбеков. – Маҳсулотларимизга Россия, Қозоғистон ва бошқа давлатларда ҳам талаб ортиб бормоқда. Келгусида кредит жалб этган ҳолда янги ишлаб чиқариш линияларини ишга тушириб, қўшимча иш ўринларини яратишни мақсад қилганмиз.
Миниатюрачи-наққош Камолиддин Абдуллаев яқиндагина Ҳиндистоннинг Жайпур шаҳрида бўлиб ўтган санъат ва ҳаттотлик бўйича халқаро фестивалда муваффақиятли иштирок этиб келди. Унинг катта маҳорат, истеъдод, қунт билан ишлаган мўъжаз қутичалари, қаламдонлари, безакли деворий панноларини хорижликлар юксак баҳолайди. Кўплаб халқаро танлов ва фестивалларнинг иштирокчиси бўлган К.Абдуллаев 2016 йилда Россиянинг Калининград шаҳридаги халқ ижодиётига оид халқаро ярмаркада махсус диплом билан тақдирланган.
– Бугун тинимсиз меҳнат қилаётган ҳар бир тадбиркор, уста, ҳунарманднинг меҳнати алоҳида қадр ва эътибор топмоқда, – дейди К.Абдуллаев. – Бундай танловлар янада кўпроқ ўз устимизда изланишга чорлайди.
Танлов якунида ғолиблар саноат соҳасида “Йилнинг энг яхши тадбиркори“, хизмат кўрсатиш соҳасида “Йилнинг энг яхши тадбиркори“, “Йилнинг энг яхши ёш тадбиркори“, “Йилнинг энг яхши ҳунарманди“ каби асосий номинациялар бўйича аниқланди. Уларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди. Шунингдек, бир қатор қўшимча рағбатлантирувчи номинациялар бўйича ҳам тадбиркор ва ҳунармандлар тақдирланди.
Ғолиблар танловнинг мамлакат босқичида иштирок этади.
Н.Усмонова, ЎзА
Манба: ЎзА