Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Йўл-транспорт ҳодисалари экспертлар нигоҳида

2018-10-24 | Жамият

Ҳаммамизга яхши маълумки, ҳозирги даврда инсоният ҳаёт ва фаолиятини транспорт воситаларисиз тасаввур этиш жуда қийин. Чунки унинг деярли барча юмушларида транспорт воситалари хизматидан кенг фойдаланилмоқда.

Бу ўринда, мазкур транспорт воситаларининг ҳаракатланиши учун аввало бехатар, зарурий шароитлар билан таъминланган, кенг ва равон йўлларнинг аҳамияти беқиёсдир. Албатта, унинг бехатарлилиги инсонлар томонидан ушбу транспорт воситаларидан қанчалик тўғри фойдаланишларига ва белгиланган тартиб-қоидаларга қатъий риоя этишларига ҳам бевосита боғлиқ.

Халқаро экспертлар томонидан билдирилаётган фикрларга кўра,  бугунги кунда оғир оқибатли йўл-транспорт ҳодисалари (ЙТҲ) сонининг кўпайиб бораётганлиги жаҳон ҳамжамиятини ташвишга солмоқда.

Ушбу ноҳуш ҳолатларга нисбатан халқаро миқёсда курашиш амалиётининг тарихига назар солсак, илк бор, 2009 йили Москва шаҳрида “Йўлларда ҳаракатланиш хавфсизлигига оид”халқаро конференция ташкиллаштирилган. 2010 йилга келиб, мазкур конференция якунлари доирасида БМТ Бош ассамблеясининг “2011-2020 йилларга мўлжалланган
10 йиллик махсус резолюцияси”
 қабул қилиниб, унинг котибияти сифатида Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти белгиланган.

Кейинги йилларда ушбу ташкилот томонидан жаҳон йўлларида хавфсизлик тенденциясининг ўзгариб бориши тўғрисидаги таҳлилий  маърузалар мунтазам равишда чоп этилиб борилмоқда.

Хусусан, Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан берилган сўнгги маълумотларга кўра, йўл-транспорт ҳодисалари натижасида ҳар йили 1,25 миллионга яқининсон ҳаётдан эрта кўз юмади ва 20 миллиондан ортиғи турли даражадаги тан жароҳатлари олишиб, уларнинг кўпчилиги ногирон бўлиб қолмоқда. ЙТҲларининг оқибатлари эса, жабрланганларга, оила аъзоларига, умуман улар яшаётган давлатга жуда катта маънавий ва иқтисодий зарар етказмоқда. Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Жануби-шарқий Осиё минтақавий бюроси директори Пунам Кхетрапаль Сингхнинг маълумотларига кўра, йўл-транспорт ҳодисалари натижасида етказилган молиявий зарар кўплаб давлатлар Ялпи ички маҳсулотлари улушининг 3 фоизига тенг миқдорни ташкил этмоқда.

Шу билан бирга, маълумотларда кўрсатилишича, ўлим билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари сонининг ортиб бориши давлатларнинг иқтисодий имкониятлари билан бевосита боғлиқ бўлиб, уларнинг 90 фоизи ўрта ва паст даромадли иқтисодий кўрсатгичларга эга мамлакатлар ҳиссасига тўғри келади. Бунда энг кам ЙТҲлари Европа мамлакатларига ва энг кўпи эса, Африкада кузатилмоқда. Энг ачинарлиси шуки, ушбу ҳодисаларда жабрланганларнинг асосий қисми, яъни 48 фоизи 15 ёшдан 44 ёшгачабўлганларни ташкил этмоқда. Бу эса, ўз навбатида давлатларнинг демографик сиёсатига салбий таъсирини ўтказмай қолмайди, албатта. Шунингдек, эркаклар томонидан ЙТҲларига учраш ҳоллари аёлларникига қараганда 3 баробарга кўпни ташкил этиб, ушбу нохуш ҳодисаларнинг 73 фоизида эркаклар иштирок этаётганлиги айтилади.

Ноинфекцион касалликлар, ногиронлик ва травматология эксперти Этьен Кругдавлатларнинг транспорт соҳасидаги сиёсатларини қайта кўриб чиқилишини муҳим деб ҳисоблайди. Чунки, ўлим билан боғлиқ ЙТҲнинг
23 фоизи мотоциклчилар иштирокида, 22 фоизи пиёдалар, 4 фоизи велосипедчилар ва қолган қисми транспорт воситаларининг ўзаро тўқнашувларига тўғри келади. Бу эса, дунё бўйича ЙТҲларида вафот этаётганларнинг деярли ярмини айнан пиёдалар, велосипедчилар ва мотоциклчилар ташкил этаётганлигини кўрсатмоқда.

Унинг фикрича, асосий ва маҳаллий йўлларни модернизация қилиш, бунда барча жойларда пиёдалар йўлакларини ва ҳимоя тўсиқлари ҳолатини доимий яхшилаб бориш, велосипедчилар учун алоҳида йўллар барпо этиш, йўлларнинг четки қисмларини ҳам тўлиқ асфальтлаш чораларини кўриш одамларнинг жароҳат олишлари ёки ўлим билан боғлиқ ЙТҲлари сонини кескин қисқаришига сабаб бўлади. Шу билан бирга, жойларда пиёдалар ва велосипедчилар учун яратилган алоҳида йўлларнинг мавжудлиги аввало экология софлигини таъминлашга, одамларни жисмоний фаол ва соғлом турмуш тарзига йўналтиришдаги асосий қадамлардан бўлиб хизмат қилади.  

“Блумберг Филантропиз” фонди асосчиси Майкл Блумберг эксперт сифатида аввало барча мавжуд йўлларнинг ҳолатини яхшилаш, ЙТҲлари ўчоқларини аниқлаш ва бартараф этиш, ушбу нохуш ҳодисаларнинг олдини олиш борасида турли ижтимоий тузилмалар, транспорт тизими, йўл қурилиш ташкилотлари, ҳуқуқни муҳофаза этувчи органлар ва бошқа идоралар билан ўзаро ҳамкорликни жадаллаштириш, фуқароларда ҳайдовчилик маданиятини юксалтириш, ушбу соҳада қонунчилик тарғиботини кучайтириш каби бир қатор долзарб вазифаларни амалга ошириш кераклигини айтмоқда.

Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус томонидан олиб борилаётган таҳлил ва башоратларга кўра, келгусида ўлим билан боғлиқ ЙТҲлари сонини кескин камайтириш бўйича ўзаро ҳамкорликда ва давлатлараро тизимли ишлар олиб борилмаса, бу кўрсатгич
2030 йилга бориб, ўлимлар орасида сабаблари бўйича 7-ўринга кўтарилиб кетиши мумкин бўлади.

Экспертлар томонидан мазкур соҳада олиб борилаётган таҳлиллар натижаларига кўра, ЙТҲлари келиб чиқишига таъсир этувчи салбий омиллар сифатида - техник носоз автомобиллардан фойдаланиш, ёмон табиий шароит, ҳайдовчининг чарчаганлик ҳолати, ҳайдовчилик ҳуқуқисиз ёки зарурий тажрибага эга бўлмаган шахслар томонидан бошқарилиши, бошқарув жараёнида чекиш ёки овқатланиш, баланд овозда мусиқа эшитиш, бегона электрон қурилмалардан фойдаланиш кабиларни киритиш мумкин.

Шу билан бирга, тезлик меъёрларига амал қилмаслик авария оқибатларининг оғирлик даражасига бевосита боғлиқ бўлиб, автомобилни ўртача тезликдан ҳар 1 км.соат тезликка ошириб бориш – ЙТҲларида тан жароҳати олиниши ҳолатини 3 фоизга, ўлим билан боғлиқ ҳодисалар келиб чиқишини 5 фоизга ошишига сабаб бўлади. 50 км.соат тезликда ҳаракатланаётган автомобиль томонидан уриб юборилган катта ёшдаги пиёданинг вафот этиш эҳтимоли 20 фоизни, 80 км.соат тезликда эса,
60 фоизни ташкил этади. Шунингдек, транспорт воситасини спиртли ичимлик ёки таркибида психофаол моддалар мавжуд препаратлар ёки гиёҳвандлик воситалари истеъмоли таъсирида бошқариш ҳоллари оғир оқибатли йўл-транспорт ҳодисалари сонини 5 баробаргакўпайиши хавфини келтириб чиқаради.

Бошқарув пайтида уяли алоқа воситаларидан фойдаланувчи ҳайдовчиларнинг авария ҳолатларига учраши бошқаларга нисбатан
4 баробарга кўпни ташкил этади. Алоқа воситалари орқали ёзишмаларни амалга ошириш эса, ушбу кўрсатгични янада икки баробарга ошишига сабаб бўлади. Чунки, ушбу каби воситалардан фойдаланаётган вақтда аввало ҳайдовчи чалғийди, ҳушёрлиги йўқолади, йўл белгиларига ва бошқа ҳайдовчилар томонидан амалга оширилаётган ҳаракатларга нисбатан эътиборсиз бўлади, оралиқ масофа сақланмайди, ўз йўналиши бўйича ҳаракатланишни назорат қила олмайди ва оқибатида ЙТҲлари келиб чиқади.

Экспертлар хулосаларига кўра, мотоциклчилар томонидан тегишли шлемлардан тўғри фойдаланиш ўлим билан боғлиқ ЙТҲ хавфини 40 фоизга, уларда жароҳатлар олиш билан боғлиқ ҳолатларни 70 фоизга қисқартиради. Автомобилнинг олд қисмида ўтирган йўловчи учун хавфсизлик камаридан фойдаланиш ўлим билан боғлиқ ЙТҲ хавфини 40-50 фоизга, орқа ўриндиқдаги фойдаланувчилар учун эса 70-75 фоизга камайишига, шунингдек, ёш болалар учун махсус ўриндиқлардан тўғри фойдаланилиши бу каби нохуш ҳолатларни 75-80 фоизга камайишига сабаб бўлади.

Шу ўринда, транспорт воситаларини барча хавфсизлик чоралари билан таъминланганлиги ҳолати ҳам, ундан фойдаланувчи инсонлар соғлиги учун ғоят катта аҳамият касб этади. Зеро, бугунги кунда БМТнинг транспорт воситалари хавфсизлиги борасида маҳаллий ишлаб чиқариш стандартларига нисбатан ўз қоидалари мавжуд. Ушбу қоидаларда барча компанияларга транспорт воситаларининг ён ва олд қисмлари бўйича турли тўқнашувларга чидамлилик нормаларига амал қилиниши, электрон назорат тизими фаоллиги ҳамда автомобилларни хавфсизлик ёстиқчалари ва камарлари билан жиҳозланганлиги каби бир қатор талаблар қўйилади.

Шуни ҳам алоҳида қайд этиш жоизки, бугун жаҳоннинг кўплаб мамлакатларида транспорт воситаларидан фойдаланишда умуммажбурий қонун нормалари амалга киритилган. Жумладан, 105 та давлатда ҳайдовчиларга ва йўловчиларга ҳам бирдек амал қилувчи хавфсизлик камарларидан мажбурий равишда фойдаланишни назарда тутувчи, 53 тадавлатда ёш болалар учун махсус ўриндиқлардан мажбурий фойдаланишни белгиловчи, 47 та давлатда шаҳар жойларида соатига 50 км. тезликдан ошмайдиган тартибни назарда тутувчи, 44 та давлатда рухсат этилган махсус шлемлардан мажбурий равишда фойдаланишни талаб қилувчи, 23 та давлатда 100 баллик тизимда қўлланилган жарималар ҳисобини баҳолаб борувчи қонунлар мавжуд бўлиб, ушбу қоидаларга амал қилмаган ҳайдовчиларга нисбатан маъмурий тартибда қатъий чоралар кўриб бориш амалиёти кенг жорий қилинган.

БМТ томонидан 2017 йилда тайёрланган глобал миқёсдаги йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича “Тезлик меъёри назорати” деб номланувчи маърузада келтирилишича, сўнгги ўн йилликда ривожланган мамлакатларда ЙТҲлари сони камайишига эришишда ягона ёндашувдан кенг фойдаланилган.

Масалан, Англия, Нидерландия, Швеция, Норвегия ва Франция давлатларида ушбу ёндашув асосан хавфсиз йўллар, хавфсиз автомобиллар, хавфсиз тезлик ва пиёдалар учун хавфсиз тротуарларни назарда тутган. Бу эса, ўз навбатида айнан ушбу давлатларда хавфсизлик даражаси юқорилигини таъминлашга хизмат қилмоқда.  

Ушбу борада мамлакатимиз тажрибасига ҳам назар солсак. Бугунги кунда йўлларимиз хавфсизлигини таъминлаш, уларда хавфсиз тезлик меъёрларини ўрнатиш, хавфсиз транспорт воситаларини яратиш, замонавий техника ютуқларидан кенг фойдаланиш, фуқароларда ҳайдовчилик маданияти ва пиёдаларда ҳаракат маданиятини ошириш борасида кўзга ташланарли ишлар амалга оширилаётганлигини гувоҳи бўламиз.

Жумладан, Президентимизнинг 2017 йил 11 июлдаги “Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3127-сонли, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 19 майдаги “Йўл хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 377-сонли Қарорлари, шунингдек, “2018-2022 йилларда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш концепцияси” талаблари бўйича тизимда олиб борилаётган ислоҳотлар маҳсули сифатида, аввало хизмат йўналишига инновацион техника имкониятларини жорий этилаётганлиги, замонавий талаблар ва жаҳон стандартларига жавоб бера оладиган йўл ва транспорт инфратузилмаси яратилаётганлиги, тадбиркорлик тараққиёти учун муҳим саналган транзит, йўловчилар ва юк ташиш йўллари ривожлантирилаётганлиги, йўл ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш борасида жамоатчилик ва давлат-хусусий шериклик асослари кенгайтирилаётганлиги, шунингдек, тез ёрдам кўрсатиш тизими такомиллаштирилаётганлиги каби бир қатор амалий чораларни кўрсатишимиз мумкин.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, хулоса сифатида айтиш мумкинки, ҳозирги давр талаби бўйича хавфсиз йўлларни лойиҳалаштирилишида ҳаракатнинг барча иштирокчилари талаблари инобатга олиниши зарур.

Бу ўринда, йўлларга барча замонавий техника ютуқларини жорий этиш, уларни замонавий пиёдалар йўлакчалари, велосипедчилар трассалари, хавфсиз ўтиш жойлари ва бошқа транспорт воситалари ҳаракатларини секинлаштирувчи воситалар билан жиҳозланиши йўл ҳаракати иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлайди.

Шунингдек, барча ЙТҲларини келиб чиқишига таъсир этувчи салбий омилларга нисбатан ҳуқуқий тартиботни қўллашда миллий ва халқаро даражадаги қонунчиликни мувофиқлаштириш ва мунтазам янгилаб бориш, ўзаро тажриба алмашиш ва мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатиш орқали кутилган натижалар самарасига эришиш мумкин бўлади.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги

Поделиться