Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“INNOWEEK” – ишончли ҳамкорлар топиш учун ажойиб имконият
2018-10-24 | Инновация
“Ўзэкспомарказ”да Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ташкил этган “INNOWEEK” – инновацион ғоялар ҳафталиги бошланди.
Унда ишбилармонлар, инвесторлар, хорижий илмий-инновацион марказлар, инвестицион фондлар, технологик агентликлар, технопарклар ва бизнес инкубаторлар вакиллари иштирок этмоқда.
Халқаро инновацион ярмарканинг очилиш маросимида мамлакатимизда илм-фанни ривожлантириш, инновацион лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга жорий этишни рағбатлантириш, илмий ходимлар меҳнатини қўллаб-қувватлаш, юртимиз илмий-техник салоҳиятини янада мустаҳкамлаш масалаларига устувор аҳамият қаратилаётгани таъкидланди.
Тадбирдан кўзланган мақсад Ўзбекистон ва ривожланган мамлакатларда технологиялар трансфери жараёнини таъминлаш орқали ички инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ҳаётга татбиқ этишга кенг шарт-шароит яратишдан иборатдир.
Форумда иқтисодиётнинг барча тармоқлари ва ҳудудларда жорий этилган инновациялар, 2019-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегияси моҳиятини оммага етказиш, 2030 йилда мамлакатимизнинг глобал инновацион индекс рейтинги бўйича жаҳоннинг 50 илғор давлати қаторига кириши учун зарур шарт-шароит яратиш масалалари бўйича муҳокамалар бўлиб ўтди.
– Форум саноат корхоналарини жадал такомиллаштириш, илмий-тадқиқот муассасалари, хусусий тадбиркорлар ва инвесторлар ўртасида кооперация алоқаларини кенгайтиришга йўналтирилган минтақавий ва халқаро алоқаларни ривожлантиришга хизмат қилади, – дейди “Яшнобод” инновацион технопарки дирекцияси” ДУК директори Фарҳод Жумаев.
Инновацион ғоялар ҳафталиги доирасида ижтимоий, молия-банк, қишлоқ хўжалиги, иқтисодиётнинг реал сектори, давлат бошқарувидаги инновациялар ва шартнома асосида харид қилиш орқали тижоратлаштириладиган ишланмаларнинг намойиши бўйича конференция ҳам ташкил этилади.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.Абдувоҳидов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари С.Холмуродов сўзга чиқди.
Манба: ЎзА