Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон – Америка бизнес-форуми
2018-10-24 | Иқтисодиёт
Тошкентда 23 октябрь куни Ўзбекистон – Америка бизнес-форуми бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва Америка – Ўзбекистон савдо палатаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда икки мамлакат ҳукумати аъзолари, ишбилармон доиралари, етакчи компания ва корхоналар вакиллари иштирок этди.
Форумнинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси Суҳроб Холмуродов, Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, АҚШ савдо вазири Уилбур Росс, Америка – Ўзбекистон савдо палатаси раиси Кэролин Лэмм сўзга чиқди.
Юқори мартабали меҳмонлар Америка томони Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистонда ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яхшилаш, иқтисодиётни эркинлаштириш бўйича амалга оширилаётган барча саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини таъкидлади.
Ўзбекистон – АҚШ иқтисодий ҳамкорлиги тобора кенгаймоқда. Америка – Ўзбекистон савдо палатаси икки мамлакат компаниялари ва корхоналари ўртасида ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлаш, икки томонлама савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни ривожлантириш билан бу жараёнга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Бугунги кунда Америка – Ўзбекистон савдо палатасига АҚШнинг жаҳонга машҳур 37 та компанияси, инвестиция корпорациялари ва банклари аъзо. Улар сафида “Procter & Gamble”, “ExxonMobil”, “John Deere”, “Visa”, “Medtronic” каби дунёга машҳур брендлар ҳам бор.
Форумда Ўзбекистон ва АҚШ иқтисодий ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва истиқболи атрофлича муҳокама қилинди.
Жорий йилнинг 9 ойи давомида Америка компанияларининг фаол ҳамкорлиги самарасида мамлакатларимиз савдо айланмаси 2 бараварга ошиб, 332 миллион долларни ташкил этган. Айни пайтда юртимизда АҚШ компаниялари иштирокида 210 та корхона фаолият кўрсатмоқда. Йил бошидан буён 25 та янги корхона иш бошлаган.
Ўзбекистон иқтисодиётига АҚШдан 1 миллиард доллардан зиёд инвестиция ва кредитлар йўналтирилган. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзёевнинг жорий йил май ойида Америка Қўшма Штатларига расмий ташрифи доирасида қишлоқ хўжалиги, энергетика, кимё, молия, туризм, тўқимачилик саноати, соғлиқни сақлаш ва рақамли технологиялар соҳалари бўйича жами қиймати 4,8 миллиард долларга тенг лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан янги келишувлар имзоланган.
Тадбир давомида мамлакатимизнинг инвестициявий салоҳияти, икки томонлама ҳамкорлик истиқболлари, халқаро молиявий институтлар, “CNH Industrial“, “General Electric“, “Coca-Сola Company“, “John Deere“ каби компаниялар кўмагида ўзаро савдони қўллаб-қувватлаш, янги лойиҳаларни молиялиштириш каби масалаларга бағишланган ялпи йиғилишлар ташкил этилди. Шунингдек, Ўзбекистон ва АҚШнинг савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлигини мустаҳкамлашга йўналтирилган ҳужжатлар имзоланди.
– Шу йил май ойида “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти ва Американинг “Air Products” компанияси ўртасида меморандум имзоланган, – деди “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқаруви раиси вазифасини бажарувчиси Баҳром Ашрафхонов. – Ўтган вақт давомида ишчи гуруҳи тузилиб, мамлакатимизда саноат газлари ва янги технология асосида метанолдан олефин ишлаб чиқариш лойиҳалари ўрганиб чиқилди. Ушбу бизнес-форум доирасида “Air Products” билан метанолдан олефин ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш бўйича битим имзоладик. Битимнинг қиймати 2 миллиард долларга тенг бўлиб, унга кўра компания ўз мутахассисларини олиб келиб, лойиҳанинг самарадор жиҳатларини кўриб чиқади ва бошланғич техник асосларини шакллантиради.
Форум доирасида Америка – Ўзбекистон савдо палатасининг мажлиси ўтказилди. Ушбу тадбир ҳам АҚШ савдо вазири иштирокида ўтди. Тадбирда палатага аъзо Америка компаниялари ўзбекистонлик ҳамкорлар билан музокаралар олиб борди.
Манба: ЎзА