Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Вазирлик тизимида ижро интизомини янада мустаҳкамлаш мақсадида янги замонавий ахборот-коммуникация технологиялари жорий қилинди
2018-10-23 | Иқтисодиёт
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев ташаббуслари билан эълон қилинган «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да вазирлик тизимини замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада такомиллаштириш ва мувофиқлаштириш юзасидан бир қатор амалий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хусусан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 9 августдаги «Ягона идоралараро электрон ижро назорати тизимини жорий этиш тўғрисида»ги Ф-5017-сон фармойиши ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 7 майдаги 47-сонли Раёсат мажлисининг баёни ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги «UNICON-SOFT» МЧЖ билан ҳамкорликда жорий йилнинг август-сентябрь ойларида Ижро интизомини назорат қилиш ягона тизими, яъни “mf.ijro.uz” электрон дастурий таъминоти шакллантирилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 октябрдаги «Давлат органлари ва ташкилотларида ижро интизомини янада мустаҳкамлаш чора тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3962-сонли қарори ижроси юзасидан қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг 2018 йил 12 октябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги тизимида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада такомиллаштириш ва ижро интизомини янада мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 166-сонли буйруғига мувофиқ, 2018 йилнинг 2-30 октябрь кунлари “mf.ijro.uz” дастурий таъминотига уланиши ва вазирлик марказий аппаратини «тест» жараёнида ишлаши ҳамда жорий йилнинг 1 ноябрдан бошлаб барча ҳужжатлар айланмаси бутунлай “mf.ijro.uz” тизимига ўтказиш йўлга қўйилди.
Шу билан бирга вазирликнинг ҳудудий молия органлари ва ғазначилик бўлинмалари ҳамда вазирлик тизимидаги ташкилотларида “mf.ijro.uz” тизимига ўтиш жараёни 2019 йилнинг январь ойидан режалаштирилган.
Юқорида таъкидлаб ўтилган Молия вазирлигининг 166-буйруғига асосан ташкил қилинган Ишчи гуруҳ томонидан “mf.ijro.uz” дастурий таъминотини янада такомиллаштириб бориш юзасидан таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқиш ҳамда бошқарма ва жамғармаларнинг таклиф ва тавсиялари асосида «UNICON-SOFT» МЧЖ мутахассислари дастурга тегишли ўзгартиришларни киритишмоқда ва дастур тобора такомиллашиб бормоқда.
Вазирликнинг Ижро интизоми ва мурожаатлар билан ишлаш бошқармаси ташаббуси билан жорий қилинган ва жорий йилнинг 1 ноябридан бошлаб девонхонанинг барча ҳужжатлар айланмаси мазкур “mf.ijro.uz” электрон дастурий таъминот тизимига ўтилишининг қуйидаги бир қатор афзаллик ва қулайликлари мавжуд бўлиб, жумладан:
- вазирликка кирим қилинаётган барча ҳужжатлар жуда қисқа фурсатда тегишли мутасадди раҳбар ва ижрочиларга етказилади;
- мазкур дастурда ижро этилган ҳужжатлар ҳақидаги маълумотлар бир вақтнинг ўзида “ijro.gov.uz”- Идоралараро ягона ҳужжатлар дастури орқали Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ва Бош прокуратура билан интеграция қилинади;
- ҳар бир ходим томонидан ижро этилган ҳужжатларни ўзига тегишли бўлган Э-Калит қурилмаси ёрдами билангина ижро назорати рўйхатидан чиқаради ва ходимнинг иш кунида нечта ҳужжат тайёрлагани ҳамда уларнинг бажарилиш муддатини мониторинг қилиш имконини беради;
- Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларини махсус журнал ва ҳисоб варақаларида рўйхатга олиш тартиби, улар бўйича ҳисоб картотекаларининг қоғоз шаклида расмийлаштирилиши ва юритилиши, энг муҳими, кирим қилинаётган барча ҳужжатларнинг нусхаларини кўпайтириш жараёнлари бекор қилинди ва ортиқча сарф-харажат қилинаётган катта ҳажмдаги қоғоз тежалиб иқтисод қилинади.
Бугунги кунда Молия вазирлигида жорий этилган мазкур “mf.ijro.uz” дастури вазирлик ва идоралар ичида энг биринчи бўлиб жорий этилганлиги, шубҳасиз “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили“да амалга оширилган энг муҳим ғоялардан бири эканлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги