Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва ҳамкорлик бўйича Америка-Ўзбекистон савдо палатаси қўшма қўмитасининг мажлиси

2018-10-22 | Иқтисодиёт

2018 йил 22 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ҳамда ҳуқуқ, инвестиция ва савдо соҳаларида ҳамкорлик бўйича Америка-Ўзбекистон савдо палатаси қўшма қўмитасининг учинчи мажлиси бўлиб ўтди.

Кун тартиби доирасида Ўзбекистон Республикасига инвестицияларни жалб қилиш соҳасида ҳамкорлик қилиш устуворликлари ҳақидаги масала муҳокама этилди.

Мажлисда таъкидланганидек, Ўзбекистон мустақилликнинг илк кунларидан бошлаб Америка Қўшма Штатлари билан икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида аҳамият бермоқда. “Ҳаракатлар стратегияси” доирасида кенг кўламли ислоҳотларнинг бошлангани Ўзбекистон ва Америка ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга кучли туртки берди. Икки мамлакат ўртасидаги ўзаро савдо ҳажмларининг 2017 йилдаги 210,2 млн. доллардан жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида 256,8 млн. долларгача ошгани бундан дарак бериб турибди. Ўзбекистонда америкалик инвесторлар иштирокида ташкил этилган 160 дан ортиқ корхона ва АҚШнинг кўплаб ваколатхоналари фаолият кўрсатмоқда. Ўзбекистон Республикаси ва Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги савдо муносабатларида кўпроқ қулайлик яратиш режими амал қилмоқда. Бунда Америка-Ўзбекистон савдо палатаси иқтисодий алоқаларнинг ривожланишига жиддий ҳисса қўшмоқда.

“Женерал Моторс”, “Женерал Электрик”, “Эксон Мобайл”, “Кока Кола” каби АҚШ компаниялари Ўзбекистон иқтисодиётини таркибий диверсификациялаш ва технологик модернизациялаш жараёнларида муҳим роль ўйнамоқда. Ўзбекистон ва АҚШнинг улкан салоҳиятини ҳисобга олган ҳолда бу йўналишларда икки томонлама ўзаро ҳамкорлик истиқболлари ҳақида сўз юритиш мумкин.

         Учрашувда  мамлакатда очиқ-ошкоралик, ҳисобдорлик бўйича халқаро стандартларни жорий этиш ва қонун устуворлигини таъминлаш орқали тадбиркорлар ва АҚШ компаниялари учун, биринчи навбатда, инвесторлар учун қулай шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор берилаётгани қайд этилди. Хусусан, қишлоқ хўжалиги, энергетика, кимё, молия, туризм, тўқимачилик саноати, соғлиқни сақлаш ва рақамли технологиялар соҳасида янада яқинроқ ҳамкорлик қилиш учун сармоя жалб қилиш имкониятлари муҳокама этилди. Шу муносабат билан мамлакатда инвестиция муҳитини такомиллаштириш чора-тадбирлари дастури доирасида эришилган натижалар ҳақида фикр юритилди.

Ўзбекистон Республикаси ва АҚШ ўртасида савдо муносабатлари ўсиб боришини таъминлаш мажлисда муҳокама этилган яна бир масала бўлди. Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил май ойидаги ташрифи давомида Ўзбекистон ва АҚШ компаниялари ўртасида қиймати 4,8 млрд. долларни ташкил этган 20 дан ортиқ йирик шартнома имзоланди. Шу муносабат билан мажлисда эришилган келишувларни амалга оширишга кўмаклашишда, шу жумладан савдо соҳасини ривожлантиришда Қўшма палата фаолиятининг турли масалалари муҳокама этилди.

Мажлисда ҳуқуқий муҳитни мустаҳкамлашнинг турли жиҳатлари, ҳуқуқ, инвестиция ва савдо соҳаларида Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича Америка-Ўзбекистон савдо палатасининг стратегияси ва бўлажак тадбирлари, шунингдек бундан буёнги ишлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Америка-Ўзбекистон савдо палатаси қўшма қўмитасининг тўртинчи мажлиси муддатлари кўриб чиқилди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати

Поделиться