Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тошкентда «АҚШ бизнес ҳафталиги» доирасида ТИФА учрашуви бўлиб ўтди
2018-10-22 | Иқтисодиёт
2018 йил 15-16 октябрь кунлари Марказий Осиё ва Америка Қўшма Штатлари ўртасида Савдо ва инвестициялар бўйича Асосий битим доирасида Тошкентда бир қатор тадбирлар ўтказилди.
Хусусан, 2018 йил 15 октябрда божхона, стандартлар, санитария ва фитосанитария тадбирлари, хотин-қизларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, интеллектуал мулкни муҳофаза қилиш бўйича ишчи гуруҳларнинг йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбирда Марказий Осиё ва АҚШнинг тегишли вазирлик ва идоралари, шунингдек, кузатувчи мамлакатлар – Афғонистон ва Покистон вакиллари иштирок этишди. Ишчи гуруҳларнинг йиғилиши «АҚШ бизнес ҳафталиги» доирасида Тошкентда бўлиб ўтган биринчи тадбирдир.
16 октябрь куни Савдо ва инвестиция бўйича Асосий битим кенгашининг йиғилишида ТИФА аъзо-давлатлари делегация раҳбарлари сўзга чиқдилар.
Иштирокчилар савдо-иқтисодий ва сармоявий соҳаларда кўп томонлама ҳамкорликнинг асосий йўналишлари ва истиқболлари, шунингдек, бозорнинг очиқлигини таъминлаш масалаларини муҳокама қилишди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, 2004 йилда имзоланган Асосий битим Марказий Осиё мамлакатлари билан Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестицион муносабатларни ривожлантиришнинг долзарб масалаларини кўриб чиқиш ва иштирокчи мамлакатлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик истиқболларини аниқлаш учун самарали платформа яратди.
- Ўзбекистонда биринчи марта ТИФА учрашуви бўлиб ўтмоқда. Шуни таъкидлаш жоизки, кенгаш таркибида биринчи марта янги ишчи гуруҳлар ўз ишларини бошлади: аёлларнинг иқтисодий ва ҳуқуқий имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш тўғрисида, – Ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев ўз кириш нутқида тўхталиб ўтди. – Ушбу форматдаги фаолият билан иқтисодиётни либераллаштиришга қаратилган ислоҳотлар минтақалараро интеграция учун янада кенг имкониятлар очади ва Марказий Осиё мамлакатлари ҳамда Афғонистонни ҳар томонлама ривожлантиришга хизмат қилади.
Учрашувда ТИФА платформасини савдо-сотиқни ривожлантириш ва очиқ бозорни шакллантиришга қаратилган аниқ ташаббуслар билан тўлдириш зарурлиги қайд этилди, бу Марказий Осиё ва Афғонистондаги барча мамлакатларнинг иқтисодий салоҳиятини сезиларли даражада ошириши таъқиланди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги