Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Диққат танлов!
2018-10-22 | Туризм
Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ёшларнинг туризм соҳасидаги бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, самарали бизнес-режаларни амалга оширишда яқиндан кўмаклашиш мақсадида, ёшлар ўртасида, туризм соҳасидаги энг самарали бизнес лойиҳалар танловини эълон қилади.
Танловда олий маълумотга эга бўлган, олий таълим муассасасини охирги уч йил давомида битирган, туризм соҳасида ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган ёшлар иштирок этишлари мумкин.
Танлов икки босқичдан иборат бўлиб, биринчи босқичда танлов иштирокчилари томонидан бизнес лойиҳалар Танлов комиссиясига юборилади ва комиссия томонидан кўриб чиқилади.
Иккинчи босқич жорий йилнинг 20 декабридан бошланиб, биринчи босқич якуни бўйича саралаб олинган иштирокчилар ўртасида ўтказилади. Унда иштирокчилар ўзларининг бизнес лойиҳаларини Танлов комиссиясига тақдимот қиладилар.
Танлов мезонлари асосида ғолиб деб топилган лойиҳаларни амалга ошириш учун Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан тегишли шартлар асосида энг кам иш ҳақининг 250 (икки юз эллик) баробаригача бўлган миқдорда пул мукофотлари ажратилади.
Шунингдек, лойиҳа самарадорлигини таъминлаш мақсадида Танлов ғолиблари Ўзбекистон-Япония маркази ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан ташкил этиладиган туризм соҳасида бизнес юритиш ва бошқариш бўйича махсус ўқув курсларида таълим олиш имкониятига эга бўладилар.
Ҳужжатлар (ариза, бизнес лойиҳа ҳақидаги батафсил маълумот ва бизнес-режа) жорий йилнинг 1 декабрига қадар (ўзбек, рус, инглиз тилларидан бирида) Тошкент шаҳри, Истиқлол кўчаси, 47-уй ёки tanlov@uzbektourism.uz ; электрон манзилига юборишлари лозим.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги