Давлат-хусусий шерикликни ривожлантиришнинг ҳуқуқий ва институционал базасини яратиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Мамлакатимизда иқтисодиётни либераллаштириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ва институционал ислоҳотлар инвестиция муҳитини яхшилашга, хорижий ва маҳаллий инвесторлар сонининг ортиб боришига кўмаклашмоқда.
Шу билан бирга, анъанавий равишда давлат тасарруфида ва бошқарувида бўлган иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада тўпланиб қолган муаммо ва камчиликлар давлат-хусусий шериклик тизимини жорий этишни жадаллаштириш юзасидан муҳим чоралар кўришни тақозо этмоқда.
Ижтимоий ва коммунал соҳалар, шаҳарсозлик ва ободонлаштириш, йўл хўжалиги, энергетика соҳасидаги давлат монополияси товарлар ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш сифатини, давлат маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини пасайтирмоқда.
Давлат-хусусий шерикликни ривожлантиришнинг тамойиллари, шартлари ва йўналишларини белгиловчи ҳуқуқий ва институционал база, шунингдек, ўрта ва узоқ муддатли истиқболда бюджет тизимига молиявий, техник ва тижорат таваккалчиликларининг таъсирини баҳолаш механизми ишлаб чиқилмаган.
Давлат-хусусий шериклиги механизмларидан фойдаланиш орқали инфратузилма ва ижтимоий лойиҳаларни амалга оширишда, шунингдек, уларни тизимли мониторинг қилишда давлат ва бизнес ўртасидаги ҳамкорликни таъминловчи махсус орган мавжуд эмас.
Ижтимоий аҳамиятга эга бўлган вазифаларни ўзаро манфаатли шароитларда тезкорлик билан ҳал этиш, шунингдек, давлат-хусусий шериклик тизимини самарали бошқариш ва мувофиқлаштириш учун институционал имкониятлар комплексини яратиш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва Савдо-саноат палатасининг Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузурида Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлигини (кейинги ўринларда – Агентлик деб юритилади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
2. Агентликнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:
иқтисодиёт ва ижтимоий соҳанинг устувор йўналишларида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш бўйича тармоқ дастурларини ишлаб чиқишда иштирок этиш;
давлат-хусусий шериклик лойиҳаларининг самарадорлиги ва афзалликларини баҳолаш услубини ишлаб чиқиш, ушбу лойиҳаларни тайёрлаш ва амалга оширишни услубий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш;
давлат-хусусий шериклик соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширишда идоралараро мувофиқлаштиришни таъминлаш, шунингдек, лойиҳалар тўғрисидаги ахборотни очиқ ҳолда жойлаштириш ва уларнинг реестрини юритиш;
давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш дастурларини амалга ошириш, шу жумладан, муайян лойиҳалар концепцияларини ишлаб чиқишда вазирлик ва идораларга кўмаклашиш;
давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш масалаларида инвесторлар, халқаро молия ва донор ташкилотлари, илмий ва эксперт ҳамжамиятлари, шунингдек, бозорнинг бошқа иштирокчилари билан ҳамкорликни ташкил этиш;
давлат-хусусий шериклик лойиҳалари иштирокчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга ҳар томонлама кўмаклашиш, лойиҳаларни молиялаштириш механизмлари, шу жумладан, юзага келиши мумкин бўлган таваккалчиликларни аниқлаш ва тақсимлаш юзасидан уларнинг таклифларини кўриб чиқиш;
давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини, шу жумладан, лойиҳаларга жалб қилинган бюджет тизими маблағларидан фойдаланилишини, шунингдек, тегишли тармоқлардаги халқаро тажрибани инобатга олган ҳолда лойиҳаларни тайёрлаш ва амалга ошириш амалиётини мониторинг қилиш.
3. Белгилансинки:
Агентлик давлат муассасаси шаклида ташкил этилади ва Ўзбекистон Республикасида давлат-хусусий шериклик соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш бўйича махсус ваколатли орган ҳисобланади;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари, танлов ҳужжатлари, шунингдек, давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимлар лойиҳалари ва уларга киритиладиган ўзгартиришлар мажбурий тартибда Агентлик билан келишилиши лозим;
Агентлик давлат-хусусий шериклик лойиҳаларининг амалга оширилиши, техник-иқтисодий ҳамда молиявий кўрсаткичлари тўғрисидаги ахборотни уларнинг ташаббускорлари ва иштирокчиларидан сўраб олиш ҳуқуқига эга;
Агентликни таъминлаб туриш харажатлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағларидан молиялаштирилади;
Агентликка директор – Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг ўринбосари раҳбарлик қилади;
Агентлик директорининг биринчи ўринбосари ва ўринбосари Ўзбекистон Республикаси Молия вазири томонидан белгиланган тартибда лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади;
Агентлик ходимларига Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ходимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари татбиқ этилади;
Агентликнинг Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари бўлган ходимлари, экспертлари ва маслаҳатчилари хизматларига ҳақ тўлаш белгиланган тартибда хорижий валютада амалга оширилиши мумкин.
4. Агентлик фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар белгилансин:
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари, халқаро ва хорижий ҳукуматлар молия ташкилотлари, молия институтлари ҳамда бошқа донорларнинг грантлари ва кредитлари (қарзлари);
юридик ва жисмоний шахслар – Ўзбекистон Республикаси резидентлари ва норезидентларининг хайрия маблағлари, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
5. Агентлик бошқарув ходимларининг чекланган сони 30 нафар этиб белгилансин.
Ўзбекистон Республикаси молия вазирига:
Агентликнинг чекланган сони ва тузилмасига, зарур ҳолларда, ўзгартиришлар киритиш;
Агентликнинг ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан Агентлик ходимлари учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа тўловлардан қатъи назар, эгаллаб турган асосий лавозими бўйича лавозим маошларига (тариф ставкаларига) устамалар ва рағбатлантирувчи бошқа тўловларни белгилаш;
халқаро амалиёт ва бозор шароитларидан келиб чиққан ҳолда, Агентликка юкланган вазифаларни амалга ошириш учун шартнома асосида жалб этиладиган мутахассислар меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорини белгилаш ҳуқуқи берилсин.
6. Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, зарур ҳолларда, давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини тайёрлаш ва амалга ошириш учун масъул бўлган ихтисослаштирилган таркибий бўлинмаларни ташкил этсин, уларни бошқарув ходимларининг белгиланган чекланган сони доирасида камида икки нафар малакали мутахассис билан таъминласин.
7. Агентлик ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда:
а) 2018 йил 1 декабргача давлат-хусусий шериклик лойиҳалари амалга оширилиши назарда тутилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни хатловдан ўтказиб, ёндашувлар, тартиблар ва уларни амалга ошириш механизмлари бирхиллаштирилишини таъминлаш бўйича таклифлар киритсин;
б) 2018 йил 1 декабргача Ўзбекистон Республикасининг “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги Қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
в) 2019 йил 1 январгача қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратган ҳолда Ўзбекистон Республикасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш Дастурини ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун киритсин:
иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа кесимида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш бўйича комплекс ёндашув ва стратегик вазифалар;
давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини ишлаб чиқиш, амалга ошириш ва таъминлаш бўйича мутахассисларни тайёрлаш;
давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш учун хорижий инвестицияларни жалб қилиш мақсадида халқаро молия институтлари, донор-давлатлар, компаниялар ва банклар билан ҳамкорликни ўрнатиш.
8. Агентлик Тошкент шаҳри, Истиқлол кўчаси, 26-уй манзилида беғараз фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Агентликни белгиланган тартибда зарур алоқа билан, шунингдек, юқори тезликда ишлайдиган Интернет жаҳон ахборот тармоғига уланилишини таъминласин.
10. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:
бир ҳафта муддатда Агентлик тузилмаси ва низомини тасдиқлаш тўғрисидаги ҳукумат қарори лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
бир ой муддатда Агентликни юклатилган вазифалар ижросини таъминлаш учун зарур назарий билим ва амалий кўникмаларга эга бўлган юқори малакали мутахассислар билан тўлдиришни таъминласин;
бир ой муддатда Агентликни зарур мебель, жиҳозлар, компьютер ускуналари, шунингдек, зарурат бўлганда, транспорт воситалари билан таъминласин;
икки ой муддатда манфаатдор идоралар билан биргаликда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
11. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосари Г.К.Саидова ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – молия вазири Ж.А.Қўчқоров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев
Тошкент шаҳри 2018 йил 20 октябрь
Манба: ЎзА