Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистоннинг Элчиси Италия Президентига ишонч ёрлиқларини топширди
2018-10-22 | Сиёсат
2018 йилнинг 19 октябрь куни Ўзбекистон Республикасининг янги тайинланган Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Отабек Акбаров Рим шаҳрида Италия Республикаси Президенти Серджо Маттареллага ишонч ёрлиқларини топширди.
“Квиринале” саройида бўлиб ўтган маросимдан сўнг қисқа суҳбат чоғида Италия Президенти Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга ўзининг ҳурмати ва эҳтиромини етказиб қўйишни сўради. У 18 йиллик тўхталишдан сўнг икки давлат раҳбарларининг тўғридан-тўғри мулоқотини қайта тиклашнинг муҳимлигини таъкидлади ҳамда Ўзбекистон Президентини унга қулай бўлган вақтда Италияда қабул қилишга тайёрлигини билдирди.
Европа Иттифоқининг асосчи-давлати бўлган Италия аввал бошдан Ўзбекистон-Европа муносабатларининг ўрнатилишида фаол роль ўйнаган. Жумладан, Ўзбекистон билан ЕИ ўртасидаги шерикчилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим 1996 йилда Италиянинг ЕИга раислиги даврида айнан мазкур давлатда (Флоренция шаҳрида) имзоланган эди. Шундан келиб чиққан ҳолда Серджо Маттарелла Италия бундан кейин ҳам Евроиттифоқ билан Ўзбекистон ўртасидаги алоқалар ривожланишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини билдирди.
Италия раҳбарининг фикрича, икки давлатнинг халқаро майдонда янада фаол ҳамкорлик қилиши учун, жумладан Афғонистондаги ҳолатни барқарорлаштиришга ва унинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига кўмаклашиш борасида яхши имкониятлар мавжуд. У Ўзбекистон – Италия алоқаларини парламентлараро йўналишда, асосан дунёда Италия олдинги ўринларда турувчи соҳаларда иқтисодий лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш орқали жадаллаштириш зарурлигига ҳам тўхталиб ўтди. Президент шунингдек маданият, таълим ва туризм соҳаларида икки томонлама яқин шерикчиликнинг истиқболларини эътироф этди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги