Ботир Хўжаев: "Ҳудудлараро ҳамкорлик давлатлар ўртасидаги муносабатларда муҳим ўрин тутади"
Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасидаги биринчи ҳудудлараро ҳамкорлик форуми доирасидаги тадбирлар давом этмоқда.
Пойтахтимиздаги “Hyatt Regency Tashkent” меҳмонхонасида ташкил қилинган бизнес нонуштада Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт вазири Ботир Хўжаев сўзга чиқди.
Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон-Россия муносабатларида ҳудудлараро ҳамкорлик муҳим ўрин тутмоқда. Шу кунга қадар мамлакатимиз вилоятлари вакилларидан иборат 14 делегация Россиянинг 30 вилоят ва маъмурий тузилмаларида бўлиб, у ердаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш билан танишишган ва савдо-инвестициявий ҳамкорлик бўйича келишувларга эришган.
"Бугунги тадбир ана шундай юқори савиядаги муносабатларни янада фаоллаштириш учун қулай имконият. Биз ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантиришга давлатлар ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш, минтақаларнинг иқтисодий барқарорлигини таъминлаш, иш ўринлари яратишнинг муҳим омили сифатида қараймиз", дея қайд этди Б.Хўжаев.
Улуғбек ШОНАЗАРОВ, ЎзА
Манба: ЎзА