Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тошкент Молия институтида “Замонавий солиқ ислоҳоти” мавзусида тақдимот ҳамда очиқ мулоқот бўлиб ўтди
2018-10-18 | Жамият
Жорий йилнинг 17 октябрь куни Тошкент Молия институтида “Замонавий солиқ ислоҳоти” мавзусидаги тақдимот ҳамда очиқ мулоқот ўтказилди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Жаҳон банки томонидан ташкил этилди. Унда Сидней университети фахрий профессори Ли Бернс иштирок этди.
Таъкидланганидек, Президентимизнинг 2018 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида”ги Фармони мамлакатимиз солиқ сиёсатида янги саҳифа очди. Унда солиққа тортиш тизимини тубдан ислоҳ этиш, шу жумладан, солиқлар ва мажбурий тўловларни қисқартириш, самарасиз солиқ имтиёзларини бекор қилиш кўзда тутилган. Қулай рақобат муҳитини яратиш, солиқ қонунчилиги барқарорлиги ва соддалаштирилишини таъминлаш, солиқ юкини камайтириш, республикамизнинг инвестицион жозибадорлигини ошириш ҳамда солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш концепциянинг асосий мақсадлари деб эълон қилинди.
Сидней университети фахрий профессори Ли Бернс халқаро ва қиёсий солиқ қонунчилиги ва сиёсати йўналишларида фаолият олиб боради. У қарийб 25 йилдан буён Жаҳон Банки ва бошқа халқаро институтларнинг техник ёрдам дастурлари доирасида Африка, Осиё, Яқин Шарқ ва Тинч океани минтақасида жойлашган 40 дан ортиқ мамлакатларда даромад солиғи, ҚҚС, актсиз, божхона тўловлари, мол-мулк солиғи ва солиқ маъмуриятчилиги бўйича ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқишда фаол қатнашган.
Ли Бернс солиққа оид кўплаб ҳужжат ва мақолаларга муаллифлик қилган ҳамда Австралия Ғазначилиги ва Австралия Солиққа тортиш кенгашига мамлакатнинг халқаро солиқ қоидаларини ислоҳ қилиш бўйича маслаҳат берган.
Мазкур тадбир институт талабалари, илмий тадқиқотчилар ва профессор-ўқитувчиларни мамлакатда олиб борилаётган солиқ тизимини ислоҳ қилиш жараёнлари билан таништириш билан бир қаторда, уларнинг фикр мулоҳазалари билан ўртоқлашиш ва ўзаро маълумотлар алмашиш мақсадига эришилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги