Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ҳарбийлар оиласи чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди
2018-10-17 | Соғлиқни сақлаш
Термиз шаҳридаги 2-оилавий поликлиникада Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Сурхондарё вилояти бўлинмаси ҳарбий хизматчилари оила аъзолари чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди.
Улар жарроҳ, кардиолог, акушер-гинеколог, отоларинголог, лаборатория таҳлили, невролог каби мутахассислар қабулида бўлди.
– Қизим Имона билан бепул чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтдик, – дейди уй бекаси М.Маматқулова.– Кўрик якунида шифокорлар қизимнинг ҳам, ўзимнинг ҳам соғлиғим яхши эканини айтиб, соғлом турмуш тарзига риоя этиш бўйича маслаҳатлар берди.
– Мазкур тадбир ҳар йили ўтказилади, – дейди Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Сурхондарё вилояти бўлинмаси тиббиёт хизмати бошлиғи, катта лейтенант О.Мамадалиев. – Кўрикда ҳарбий хизматчиларнинг турмуш ўртоғи ёки фарзанларида касаллик аломатлари аниқланса, тегишли тартибда соғломлаштириш чоралари кўрилади. Бу осойишталик посбонларининг ўз бурчини оиласидан хотиржам адо этишида муҳим аҳамиятга эга.
Чуқурлаштирилган тиббий кўрик давомида турли юқумли касалликлар ва уларнинг аломатлари, репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзига риоя қилиш юзасидан ҳам зарур маслаҳатлар берилди.
Х.Маматрайимов, Ж.Қўзимуродов (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА