Термизда Афғонистон Ислом Республикасининг бош консуллиги очилишига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистондаги махсус вакили И.Иргашев, Афғонистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Н.Андиша ва бошқалар азалдан бир дарёнинг икки қирғоғида яқин қўшни, ишончли дўст бўлиб яшаб келаётган Ўзбекистон – Афғонистон муносабатлари ривожи кейинги йилларда янги босқичга кўтарилганини алоҳида таъкидлади.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев президентлик фаолиятининг дастлабки кунларидан Афғонистон билан кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш, ушбу мамлакатда тинчлик-барқарорлик ўрнатилиши ва уни ҳар томонлама ривожлантиришга ёрдам бериш тарафдори эканини билдирган эди. Жорий йил март ойида Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган Афғонистон бўйича Тошкент халқаро конференцияси қўшни мамлакатда тинчлик-осойишталик ўрнатиш ва барқарор тараққиётни янги босқичга кўтариш истиқболларини белгилаб берди. Дунё ҳамжамияти Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича муайян ҳаракатларни бошлади.
Мамлакатимиз Афғонистонда қатор йирик лойиҳаларни амалга оширишда фаол иштирок этиб келмоқда. Икки мамлакат ишбилармон доираларининг тенг шерикликка асосланган алоқалари кенгаймоқда. Афғон фуқаролари учун ихчамлаштирилган виза тартиби жорий этилгани яхши қўшничилик муносабатлари мустаҳкамланиб бораётгани далилидир.
Шу йил Термиз шаҳрида Сурхондарё вилоятининг инвестиция, экспорт ва туризм салоҳиятини ёритишга бағишланган “Очиқ Жануб” халқаро бизнес-форумида иштирок этган 70 дан ортиқ афғон тадбиркорлари икки томонлама шартномалар имзолади. Сурхондарё вилоятида афғон ишбилармонларининг саноат корхоналари ташкил этиши ва қурилиш ишлари билан шуғулланиши, сервис ва хизмат кўрсатишни йўлга қўйиши учун қулай шароит яратилган. Термизда фаолият юритаётган Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказида ушбу юртнинг 130 га яқин ёшлари касб сирларини ўрганмоқда.
Термиз шаҳрида иш бошлаган Афғонистон бош консуллиги бу борадаги ишларни юксалтиришга кўмаклашиб, яқин қўшничилик муносабатларини янада фаоллаштиришга хизмат қилади. Сурхондарё вилоятида яшаётган, бизнес билан шуғулланаётган, таълим олаётган Афғонистон фуқароларининг қонуний манфаатларини таъминлайди. Турли тадбирлар уюштиради. Қўшни мамлакатга борувчилар учун виза расмийлаштириб беради.
– Мамлакатимиз билан чегарадош бўлган Термиз шаҳрида Афғонистон консуллиги очилганидан бошимиз осмонга етди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази талабаси Салим Фаруқий. – Бу ўтмишдаги муносабатларимиз янгича мазмун билан бойиб, дўстлик алоқалари тобора мустаҳкамланиб бораётгани тасдиғидир. Айни пайтда мен барча замонавий қулайликларга эга таълим марказида ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиси касби сирларини пухта ўрганяпман. Бу ерда бизнинг замонавий шароитларда яшаб, аъло баҳоларга ўқишимиз, турли маданий-маърифий тадбирларда фаол иштирок этишимиз, спорт билан шуғулланишимиз учун барча қулайликлар муҳайё қилинган. Бунинг учун Ўзбекистон давлатидан жуда миннатдормиз.
Тадбирда Афғонистон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Саид Шаҳобиддин Темурий, Сурхондарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Бахтиёр Пўлатов иштирок этди.
Холмўмин Маматрайимов, Жонибек Қўзимуродов (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА